Болама ўхшайди овозинг санинг, бироқ танимадим жулдур либосда…
Зап замонлар бўлди-да! Бундан йигирма йиллар олдин кийимингиз йиртилиб қопти дейишса, йиртиқдан уялиб, шарманда бўлишдан чўчир эди одамлар. Йиллар ўтиб, жамиятда юз бераётган ўзгаришлар одамларимизнинг кийим борасидаги қарашларини кескин ўзгартириб юборди. Бугунги ёшлар айнан шундай кийимларни кийишни, шу кийимларда никоҳ ва кечки базмларга боришни жуда истайдилар.
«Замонавий кийимлар»
Бугун шаҳарларда йиртиқ шиму юбкаларни, елкаси очиқ куйлакларни, калта кийимларни кийиш урфга айланиб бормоқда. Келинларимиз елкаси очиқ, баъзан белгача очиқ тўй кўйлакларини кийишса ҳам уят ҳиссини туймай қўйди. Буни кўриб турган ота-она ва ҳатто бўлажак эр ҳам «современний»лиги учун бунга кўниб қўя қолади. Кимдир буни мода деб билса, кимдир замонавий кўринишга йўяр, кимдир бировларнинг эътиборида бўлишни истар – ҳар кимни ўз истаклари бошқаради. Аммо буларнинг барчасида «Мен сенинг миллийлигингга тош отаяпман» деган шиор яширин ҳужум қилаётгандай...
Тан олинг, бу кийимларни ўз фарзандингиз кийганида койимасдан, «Майли, ёш, нима қилибди, кийса кийибди-да» ёки «Бу қулай, замонавий» деб оқлайсиз. Ҳатто ўта миллатпарвар бўлсангиз ҳам, атрофдагиларга қараб, «Ҳамма шундай юрибди-ку!» қабилида иш тутасиз. Бунинг учун масъулият фақат сизнинг зиммангизда эмаслиги кундай равшан-ку?
«Йиртиқ маданият» тарғиботчилари
Бугунги кунда телевидение, айтиш мумкинки, энг кучли тарғибот воситаси ҳисобланади. Аммо айрим хусусий каналлар билиб-билмай реклама, кўрсатув, фильм, сериаллар орқали телетомошабинларга миллийликдан узоқ, анъаналаримиз ва қадриятларимизга зид ахборотни тарғиб этиб қолмоқда. Айниқса, телеканалларимизни кундан-кунга «безаётган» сериаллар кишини ҳайратда қолдиради. Уларнинг мазмун ва моҳиятини қўя турайлик, актёрлар кийган йиртиқ, ёпишқоқ, очиқ кийимлар фарзандларимизга салбий таъсир қилаётганини наҳотки тушунмасак?
Акс эътироф
Бу борада баъзи санъаткорларимиз алоҳида «эътироф»га сазовор. Масалан, Райҳон Ғаниеванинг «Ҳамма жам», Нилуфар Усмонованинг «Кел иккимиз» клипларига кийиб тушган либосларидан «Улар миллийликдан хабардормикан?» деган савол миянгизда чарх ура бошлайди.
Ўйланиб қоласиз, ҳар қандай санъаткор минглаб томошабинлар учун ўрнак эмасми? Улар бу «маданият»нинг ортидаги таҳдидни тушунишмайдими? Назаримизда, ё улар миллат олдидаги масъулиятини тушунишмайди, ё бу миллатдан ўзини айри ҳолда кўради.
«Бизнинг» мода
Чет элдан келаётган сайёҳларга эътибор беринг. Улар оддий, ихчам ва қулай кийимларни кийишади. Уларни йиртиқ кийимларда камдан-кам учратасиз. Кийганларининг ҳам аксарияти ёшлар... Демак, йиртиқ ва очиқ кийимларни кийишни чет элликлардан ўрганаяпмиз десак, анча янглишган бўламиз.
Ўйлаб қолдим. Биз бу кийимларни йўқ қилишга қодирмизми? Йўқ! Биз бу кийимларни йўқ ҳам, инкор ҳам қила олмаймиз. «Йиртиқ кийимлар маданияти» бугунги ўзбек миллий модасининг халқимиз орасида ўрни йўқлигини, унинг аҳамияти шу даражада паст эканини кўрсатади. Аслида дунёнинг етакчи дизайнерлари ўзбекларнинг атласини олиб, ўз номи билан либослар тақдим этаётганини, бизнинг оддий эски калишларимизга сал ўзгартириш киритиб, моданинг энг юқори чўққисида эканини кўз-кўзлаётганини ҳамма ҳам билмаса керак. Энг сифатли ипак толалар, пахта толаси ўзимизда етиштирилса-да, ҳалиям сифатли кийимларни бошқа давлатлардан олиб келаяпмиз. Тан олиш керак, бугунги кунда Қирғизистон маҳсулотлари дизайни чет эл дизайнидан қолишмайди ва бизнинг бозорларда етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Наҳотки ўзбек дўппилари, рўмоллари, маҳсилари, камзуллари, кўйлаклари орқали дунёни, ҳеч бўлмаса, ўзимизнинг бозорларни забт эта олмасак?
Ўзбек дизайнерлари сифатли ва бежирим кийимларни таклиф этмас экан, фарзандларимиз йиртиқ кийимларга ошно бўлаверишади. Одамлар онгли равишда буни инкор этмас экан, барча саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетаверади. Ўзбек модаси илгарилаб, бошқа мамлакатларга ҳам ўзини кўрсата олмас экан, бошқа мамлакатлар ўз «ғайриоддий» модаси билан бизни ишғол этишда давом этаверади.
Ҳулкар Абдуллаева,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси
Манба: qurama.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter