Бир армонимни Навоий бобом ушалтирганлар...
Туркий тилни қайта тирилтирган Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг маънавиятимиз учун улкан жасорати бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Туркий тил била то шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва ҳўп айткон эмас», – деб ёзса, Ҳусайн Бойқаро «Мир Алишер турк тилининг ўлик жасадиға Масиҳ нафаси ила жон ато этди», деб таъкидлаган.
Алишер Навоий 16 та адабий жанрда ижод қилган. Навоий туркий тилдаги «Хамса»ни икки йил давомида ёзади. Дунёда 64 тилга таржима қилинган бу асар 51 минг мисрадан ортиқ. Шоирнинг лирик мероси умумий ҳажми 50 минг мисрадан кўп. «Ҳазойинул-маоний» номли тўрт девон (1491-1498)га жамланган.
Алишер Навоий 1501 йил 3 январда вафот этган. Уни дафн этиш чоғида майдалаб ёмғир ёғиб турган экан. Тарихчи олим Хондамир бу ҳолатни «ҳатто табиат ҳам мотам тутди», дея таърифлаган.
Мир Алишер Навоий ва унинг бемисл уммон каби ижоди хусусида кўплаб тадқиқотлар олиб борилган. Навоийни англаш, таълимда Навоийшунослик ва Бобуршуносликни ёшлар онгига сингдиришда қандай замонавий таълим услубларидан фойдаланиш, мактабларда ижодий тўгаракларни қайта ташкил этиш, Навоий юрган йўллар бўйлаб йўл харитасини тузиш ҳамда бу орқали янги тарихий манбаларни тадқиқ этиш, буюк шоир қўллаган сўзлардан болалар учун алоҳида «бола тилидан» суратли шаклда луғат тайёрлаш каби долзарб масалалар хусусида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўлқин Ҳайитов билан суҳбат қилдик.
– Навоий бутун умрини адабиёт, маънавият ва халққа бағишлади. Алишер Навоий қобилияти 4-5 ёшда эканлигидаёқ намоён бўлган. Манбаларда Алишер Навоий Шарафиддин Али Яздий билан учрашганлари хусусида ҳам келтирилади.
1991 йилдан кейин Навоийни ҳақиқий сиймосини тадқиқ этиш бошланди. Навоий луғати нашр этилди. Аслида Алишер Навоийни ўрганиш мураккаб эмас. Навоий мен кўз очганимдан буён мен билан бирга. Болалик давримда устозлар таълими яхши бўлган. Бувим раҳматлик Навоий, Машраб, Бедилни форс тилидан ўзбекчага таржима қилар, «Хамса»ни қўлларидан туширмасдилар. Негадир, Навоийни ўқима, қўйгин болам, дердилар. Сабабини тушунолмай ҳайратда эдим. Кейинчалик англадимки, Навоийнинг бутун бир ижоди залворли экан. Бувим нега менга шундай деганларини билганим: ўша пайтлар Шўролар тузуми даврида бўлган тазйиқларга йўлиқишимизни истамаганликлари учун ҳам Навоийни тадқиқ этиш йўлидан боришимизга қарши бўлган эканлар. Навоий ижоди шундай уммонки, сирти икки метр муз, аммо, музни ким ёриб кирса, уммон ичи тўла дуру жавоҳир. Буни ёриб кира олган одам билимлилик ва маънавийлик жиҳатидан ниҳоятда бойийди.
Тарихни билмаслик – ўзликни англамаслик. Мустақиллик давригача аждодларимиз ҳаёти, фаолияти улар хусусидаги тарихий манбалар нотўғри талқин этилган. У пайтларда мактабларни совет мактаблари дейиларди. Бир катта адабиётшунос олимнинг, ҳаттоки «Навоий революционер бўлмаган» деб ёзган мақоласи қўлимга тушиб қолганди. 1981 йилларда Амир Темур ҳақидаги мақоламни «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси чоп этишдан бош тортган ҳамда бу мақолам 1991 йил 5 февралда, яъни орадан ўн йил ўтиб, мустақиллик даврида нашр этилди. Ўша ўн йилликдаги ижодим изтиробли ижод йиллари бўлган мен учун. Имом Мотуридий, Имом Бухорийлар хусусида эса ҳеч қандай маълумотларни эълон қила олмас эдик.
Менинг бир армонимни Навоий бобом ушалтирганлар. Яъни шу менинг эътиқодим бўлса керак. Мен ҳамон Навоийнинг асарларини қўлимдан туширмай ўқийман. Ойбек домла Навоийни улуғ бир сиймо, халқнинг отаси сифатида тасвирлаганлар. Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Навоийдек сиймоларимиз бор экан, бизни ҳеч қандай ташқи бир куч енга олмаслиги керак. Сўнгги йилларда, ҳатто Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган санани унутган ва оммавий маданият талқини остида бошқа ном билан нишонлайдиганлар ҳам бўлди. Бу биз учун оғриқли ҳол. Демакким, биз ёшларга аждодларимиз хусусида етарлича билим ва имкониятларни бера олмаганмиз.
Хитойликларда яхши бир одат бор. Улар ҳар қандай ташқи ахборот ёки ташқаридан келган ҳар қандай ёт ғояни хитойлаштирадилар. Яъниким, ўз миллатига мослаштирадилар. Бизда ҳам ана шу ақида қўлланилса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Навоийни биз ниҳоятда чуқур ва теран англашимиз лозим. Аслида Навоийни англаш у қадар қийин эмас. Сўнгги пайтларда мени қулоғимга чалиниб қоларди: «Навоийни англаш жуда мураккаб, қийин...» деган сўзлар. Навоий биз учун жуда улкан маънавий мерос қолдирган. Агар биз айни шу меросдан унумли фойдалана олсак, уни бутун ҳолича авлодларимизга ҳам етказсак, бу бизни ютуғимиз бўлади. Таълимда Навоийшунослик ва Бобуршуносликни ёшлар онгига сингдиришда замонавий таълим методларидан фойдаланиш, уларнинг таваллуд саналари муносабати билан аждодларимизга дахлдор бўлган табаррук ва тарихий масканларга экскурсиялар уюштиришимиз зарур. Талаба ёшларни жаҳон мамлакатларидаги боболаримиз яшаб ўтган ҳудудларга улардан қолган ҳозирги кундаги шажарасига дахлдор авлодлари билан учраштириб, илмий тадқиқотлар сафарларини ташкил этиш керак. Мактабларда ижодий тўгаракларни қайта ташкил этиш, Навоий юрган йўллар бўйлаб йўл харитасини тузиш ҳамда бу орқали янги тарихий манбаларни тадқиқ этиш, буюк шоир қўллаган сўзлардан болалар учун алоҳида «бола тилидан» суратли шаклда луғат тайёрлаш каби долзарб масалалардир.
Биз бугун буюк аждодларимизнинг меросини авлодларимизга тўғри ва унумли етказа олсаккина эзгу мақсадларимизга эришган бўламиз.
Шаҳло НУР суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter