Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бахши ва достончиларга имтиёзли ипотека кредити асосида хонадонлар берилади

Бахши ва достончиларга имтиёзли ипотека кредити асосида хонадонлар берилади

Фото: «Норма»

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги 304-сон қарори билан Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш бўйича 2018–2022 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси» тасдиқланди. Бу ҳақда «Норма» хабар берди.

Маълумот учун: достон – қаҳрамонлар тўғрисидаги афсоналар, ривоятлар ёки тарихий воқеаларга бағишланган, одатда, шеърий шаклда бўладиган Шарқдаги эпик фольклор ёки адабий асар. Бахши – халқ куйчиси, фольклор, шу жумладан достонлар ижрочиси.  

Ҳужжатда, хусусан, қуйидагилар назарда тутилган:

  • Мустақиллик байрамининг 27 йиллиги арафасида республикада фаолият юритаётган бахшилар ижодини тараннум этадиган «Мустақиллик бахшилари» китоб-альбомини чоп этиш;
  • сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган масканларда достон ва терма ижрочилик санъатини тарғиб этишга қаратилган кўнгилочар тадбирлар ҳамда адабиётлар кўргазмасини ташкил этиш;
  • маҳаллалар, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, истироҳат боғларида таниқли бахши шоирлар билан ижодий учрашувлар ўтказиш;
  • Ўзбекистон халқ бахшилари ҳақида қисқа маълумотларни тўплаб, уларнинг портретларини тайёрлаш ва 312 та болалар мусиқа ва санъат мактабларига етказиш;
  • таниқли бахшилар иштирокида достонлар ҳақида телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни тайёрлаб бориш ва эфирга узатиш;
  • мазкур ижодиёт соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш;
  • республика санъати ривожига катта ҳисса қўшган атоқли бахши-шоирларнинг хотира кечаларини ташкил этиш;
  • халқаро кўрик-танлов ва фестиваллар, давлат тадбирлари ҳамда хориж давлатларида ўтказилаётган Ўзбекистон маданият кунларида бахши-шоирларнинг иштирокини таъминлаш;
  • ўзбек бахшичилик санъатининг таниқли намояндаларига бағишланган ҳужжатли фильм яратиш.

Маданият вазирлигига бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

  • ҳар йили Наврўз умумхалқ байрами арафасида Термиз шаҳрида республикада фаолият юритаётган бахшиларнинг ўқув семинарини ташкил этиш;
  • 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик ва достончилик йўналиши бўйича махсус синфлар очиш ҳамда уларни ўқув қўлланмалари ва адабиётлари билан таъминлаш, ушбу мактабларнинг ўқув дастурига ва штат жадвалига ўзгартиришлар киритиш; 
  • ушбу махсус синфларда дарс бериш учун республикада кўзга кўринган бахшиларни жалб этиш;
  • «йўл харитаси»да назарда тутилган чора-тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилишини назорат қилиш, масъул вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тизимли асосда мувофиқлаштириш.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига бахши-шоирлар томонидан яратилган ва ижро этилаётган достон, терма, айтимларни сифатли ёзиб олиш ва тарғиб этиш учун зарур бўлган овоз ёзиш ҳамда замонавий видеотехника воситалари харид қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликларига ишчи гуруҳлари ташкил этиш ҳамда «йўл харитаси»да назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш, зарур маблағларни ажратиш ва ҳомийлар хайрияларини жалб қилиш чораларини кўриш топширилди.

Ўзбек бахшичилик санъатини янада ривожлантириш ва тарғиб этишга ҳисса қўшган устоз бахшилар ва достончилар, халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли танловларда юқори ўринларни эгаллаган ёш бахшилар ва достон ижрочиларига кўп қаватли уйлардан узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида хонадонлар ажратилади.

Устоз бахшилар ва достончилар, ёш бахшилар ва достон ижрочилари ижодини ҳамда қарорда белгиланган тадбирларни ОАВда кенг ёритиш топширилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 27 апрелдан кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг