Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бахшичилик санъати – умуминсоний қадрият

Бахшичилик санъати – умуминсоний қадрият

Фото: «Marifat.uz»

Парижда ЮНЕСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг ХVI сессияси бўлиб ўтди. Унинг ишида қатнашган Ўзбекистон делегациясининг «Бахшичилик санъати» инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритиш ҳақидаги таклифи ҳам овозга қўйилди ва якдиллик билан тасдиқланди.

ЮНЕСКО рўйхатига киритилишининг барча мезонларига мос келган бу ноёб номоддий маданий мерос ер юзида камдан-кам халқларда мавжуд бўлиб, неча минг йиллар оша бизгача безавол сақланиб, етиб келган. ЮНЕСКОнинг бу қарори Бахшичилик санъатини жаҳон миқёсида юксак эътирофи бўлди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси томонидан тайёрланиб, 2020 йилда ЮНЕСКОга тақдим этилган бу азалий қадриятимиз эндиликда халқаро ҳамжамият эътиборида ривожланади.

Бахшичилик – икки буюк дарё, Жайхун ва Сайхун оралиғидаги цивилизацияларни яратиш қудратига эга бўлган улуғ аждодларимиздан мерос.

Собиқ шўролар даври мафкураси худди Наврўз, муқаддас динимизга бўлганидек, бахшичилик санъатида ҳам кўп тазйиқларни бошидан кечирди. Турли катта-кичик йиғилишларида «бахши – это бақироқ чол» деган тамғалар ёпиштирилди.

Ҳаётий мисол. Мустақиллик арафасида Жарқўрғонга ЎзКП Марказий Қўмитасининг котиби (ҳали у киши ҳаёт, номини келтирмайман) келиб, Наврўз байрамини таъқиқлаш бўйича катта йиғилиш ўтказди. «Билиб қўйларинг, Ўзбекистонда Наврўз байрами ва бахшилар ҳеч қачон бўлмайди. Шу сабабли ҳамма масъулларнинг ўзлари ҳам, яқинлари, ходимлари ҳам ҳеч қачон Наврўз байрамида қатнашмасин. Кимдаки ким бу кўрсатмани бузса, унга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилсин», деган гаплари ҳозиргача ёдимда.

Мустақиллик йилларида миллий ўзлигимиз қайта тикланиб, сўнгги йилларда эса бу маданий ва моддий меросимиз бутун дунёга кенг тараннум этилмоқда.

Жумладан, Наврўз миллатлараро қадрият сифатида ЮНЕСКО рўйхатида ҳам обрў топди. Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНЕСКО шафеълигида, бахшичилик саньати туфайли бизларга етиб келган Алпомиш достонининг 1000 йиллиги жаҳонда кенг нишонланди.

Достон турли тилларда нашр этилди, унга ҳайкаллар ўрнатилди. Ваҳоланки Алпомиш айнан бахшилар оғзаки санъати туфайлигина йўқолиб кетмай, шу кунгача етиб келди ва умумжаҳон маданий меросига, маънавий мулкига айланди.

«Алпомиш» достони – бу Ўзбекистоннинг Бойсунидан тортиб, Қорақалпоғистоннинг Қўнғиротигача, Жиззахнинг Зоминидан тортиб, Қашқадарёнинг Деҳқонободигача бўлган кенгликларида яшаб, куйлаб келган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан Шоир, Шоберди бахши каби юзлаб бахшиларнинг жозибали ва тенгги йўқ кекирдак овози ва дўмбираси торларида минг йиллар давомида янграб келган санъатдир.

Ўзбекистоннинг XIX-ХХ асрлар маданияти тарихида кўплаб бахши шоирлар номлари қайд этилиб, уларнинг кўпларига ҳайкаллар ўрнатилган, куйлаган достон, эпос, термалари тасма, пластинка ва тўпламларда нашр этилган.

Жаҳондаги биргина давлатда президент фармони билан «Ўзбекистон халқ бахшиси» деган давлат мукофоти – фахрий унвон берилади. У ҳам бўлса бизнинг юртимизда!

Бахши деганда кўз ўнгимизда соч-соқоллари оқарган, бийрон сўзловчи ва ҳозиржавоб, донишманд нуронийнинг образи намоён бўлади. Юртимизда берилган эътибор туфайли ҳозир бахшичилик санъати фестивал ва танловларида тобора ёш йигитлар ва ҳаттоки қизлар ҳам дўмбира чертиб, достон ва термаларни баралла куйлашмоқда. Юртимизда бахшичилик ўз анъана, мактаб ва истиқболига эга санъатга айланди. Айниқса, кейинги йилларда миллийликни теран англаш ва ёшларда миллий қадриятлар билан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлаш, ватанимиз ҳудуди инсоният маданиятининг илк бешикларидан бўлганлиги далилларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш ғояси бевосита давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётганлиги таҳсинга сазовор.

Пандемия бутун жаҳонни, жумладан, қудратли давлатларни ҳам саросимага солиб қўйган бир пайтда, маънавий бойлик – бахшичилик санъатини ривожлантириш ғояларини илгари сурилиши халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон раҳбарияти бугунги кун ташвишлари билан бир қаторда узоқ келажак тақдири ва инсониятнинг маънавий дунёси ҳақида қайғураётганлиги яққол кўриниб турганлигини таъкидлашди.

2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Нукус ва Термиз шаҳарларида Халқаро бахшичилик фестиваллари юқори савияда ўтказилди ва Ўзбекистон ҳаётида катта маданий воқеалардан бири бўлди.

Бахшичилик санъатини жаҳон номоддий маданий мероснинг Репрезентатив рўйхатига киритилиши халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамиятга эга воқеа бўлди. Ўз навбатида бу қарор бахшичиликни асраб-авайлаш ва ривожлантиришда бундан буён Ўзбекистон билан ЮНЕСКО қўлни қўлга бериб ҳаракат қилиши керак бўлади.

Эндиликда «Бахшичилик санъати» тушунчаси ЮНЕСКО орқали бутун дунёда кенг тарғиб қилинади. Энди бу маданият йўқолиб кетмайди, аксинча, ривож топиб боради.

Шуни таъкидлаб ўтишни истардимки, халқаро ташкилотлар келажак авлодларга бу маданий меросни етказиш ва бахшичилик санъатининг ривожланишига илмий-услубий ёрдам кўрсатиши, уларни жаҳон маданияти дурдоналари қаторида тарғиб қилиши зарур. Албатта, бу жараён қадамба-қадам, босқичма-босқич амалга ошириб борилади. Уни изчиллик билан амалга оширишда Президент Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори ва қўллаб-қувватлаши катта аҳамият касб этмоқда. ЮНЕСКОнинг Бахшичилик санъати бўйича қарорига давлат раҳбарини ўзи табрик йўллаши – бу мисли кўрилмаган мисолдир.

Шу тариқа ЮНЕСКОнинг бу рўйхатига кирган номоддий маданий меросимиз объектлари сони 10 тага етди. «Бойсун тумани маданий макони», «Шашмақом» мумтоз мусиқаси, «Катта ашула», «Аския санъати», «Наврўз», «Палов маданияти ва анъаналари», Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: (адрас – атлас), Хоразм рақси – «Лазги», «Миниатюра санъати» қаторидан «Бахшичилик санъати» ҳам ўрин олди.

Ўзбекистонда Жаҳон маданий мероси рўйхатига муносиблари ҳали кўп. Масалан, «Ўзбекистон кулолчилик мактаби» миллий элементлари, шунингдек, бошқа давлатлар билан ҳамкорликда «Ҳунармандчиликнинг анъанавий услуби» ва «Рубоб чалиш», «Марказий Осиёда анъанавий каштачилик услуби», «Хўжа Насриддин қиссаларини айтиш анъанаси» каби кўп миллатли номинацияларни ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси муҳокамасига киритилади.

Турсунали Қўзиев,

Ўзбекистон Республикаси Саньат арбоби, профессор

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг