Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Атоқли адабиётшунос олим вафот этди

Атоқли адабиётшунос олим вафот этди

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул кеча, 28 июнь куни 73 ёшида вафот этган. Бу ҳақда Журналистлар уюшмаси хабар берган.

Иброҳим Ҳаққул 1949 йил 28 мартда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Бухоро давлат педагогика институтини тамомлаган (1970).

Иброҳим Ҳаққул 1970-1972 йилларда «Шофиркон ҳақиқати» газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган. 1972 йилдан Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият юритган.

Иброҳим Ҳаққул 1976 йили «Ўзбек адабиётида рубоий» темасида номзодлик, 1995 йили «Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти» мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Унинг «Ўзбек адабиётида рубоий» (1981), «Увайсий шеърияти» (1982), «Бадиий сўз шукуҳи» (1987), «Занжирбанд шер қошида» (1989), «Шеърият — руҳий муносабат» (1989), «Абадият фарзандлари» (1990), «Тасаввуф ва шеърият» (1991), «Камол эт касбким…» (1991), «Ғазал соғинчи» (1991), «Ижод иқлими», «Мушоҳада ёғдуси», «Навоийга қайтиш» каби 20 дан ортиқ китоблари босилиб чиққан.

Иброҳим Ҳаққул Абдулҳамид Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим» (1988), Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар» (1991) мажмуасини, Сайфиддин Рафиддинов билан ҳамкорликда «Боқирғон китоби» (1991), «Меърожнома» (1995) каби асарларни ўқувчиларга етказган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг