Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Амазон»да фаол сотилаётган «Кеча ва кундуз»нинг тақдимоти Лондонда бўлиб ўтди

«Амазон»да фаол сотилаётган «Кеча ва кундуз»нинг тақдимоти Лондонда бўлиб ўтди

2020 йилнинг 17 январ куни Ўзбекистоннинг Лондон шаҳридаги Элчихонасида замонавий ўзбек шеърияти ва адабиётининг асосчиларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг биринчи марта инглиз тилига таржима қилинган «Night and Day» («Кеча ва кундуз») романининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Дипломатик ваколатхона томонидан Британия-Ўзбекистон дўстлик жамияти билан биргаликда ташкил қилинган ушбу тадбирда Буюк Британиянинг ижтимоий-сиёсий доира вакиллари, илм-фан ва маданият арбоблари, ёзувчи ва шоирлари, адабиётшунос оли ва таржимонлари ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.

Таржима муаллифи ёш олим, АҚШнинг Мичиган университети славян тиллари ва адабиёти кафедраси маърузачиси Кристофер Форт. У деярли бир йил давомида Ўзбекистонда яшаб ХХ асрдаги ўзбек адабиёти бўйича илмий-тадқиқот иши учун материаллар тўплаган ва ўзбек тилини ўрганган.

2019 йилда у диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Илмий ишида бир пайтда ҳам халқимизнинг маданий-тарихий анъаналарини, ҳам ўзбек мусулмон ислоҳотчиларининг тараққийпавар ғояларини ўзида мужассам этган ХХ аср бошидаги ўзбек соцреализми адабиётининг ноёблигини исботлаб берди. Кристофер Форт фикрига кўра, Чўлпон ўзбек адабиёти ривожига муҳим ҳисса қўшган, чунки сатира ва элегия жанрлари билан чекланиб қолмай жадидчилик дунёқарашининг эстетик қадрияларини тўлиқ очиб бера олган.

Таржимон Чўлпон асари илк саҳифаларидан ўз юмори ва жозибадорлиги билан уни ром этгани ва у дарҳол таржимага киришганини қайд этди. Бунда у ўз ишига илмий тадқиқот сифатида ёндошди: бошида ўқувчига мазкур роман нима учун қизиқарли экани ва ўзбек адабиётида алоҳида ўрин эгаллашини тушунтиради. Кейин Чўлпон ҳаёти ва ижодининг ўзига ҳос жиҳатларини очиб беради. «Кеча ва кундуз» романининг яратилиш тарихи ва кейинги тақдири ҳақида ҳикоя қилади ва охирида атама ва тушунчаларининг изоҳли луғатини келтиради.

Ўзбекистоннинг Лондон шаҳридаги Элчихонаси романнинг таржима қилиниши ва чоп этилишига амалий ёрдам кўрсатди. Асар 2019 йил ноябр ойида дунё юзини кўрди. Китоб ўқувчилар ўртасида оммалашиб бормоқда ва «Амазон» савдо платформасида фаол сотилмоқда. Қатор хорижий университетлар Марказий Осиё тарихи ва адабиёти бўйича ўқув дастурларига Чўлпоннинг мазкур асарини киритишни режалаштирмоқда.

Кристофер Форт ўзбек классик адабиёти вакиллари ижодларини таржима қилишни давом эттиришини таъкидлади. Яқин вақт ичида Ғофур Ғуломнинг «Шум бола» қиссасидан парчалар ҳамда Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар» қиссасини таржима қилишни режалаштирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг