Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Акс-садо: «Қаердасиз, «Зулфиячи»лар?»

Акс-садо: «Қаердасиз, «Зулфиячи»лар?»

Фото: ЎзА

«Адолат» газетасининг навбатдаги сонида «Xabar.uz»да эълон қилинган мақолага жавоб тариқасида «Қаердасиз, «Зулфиячи»лар?» номли мақола эълон қилинди. Уни қуйида эътиборингизга ҳавола этамиз.


Яқинда «Xabar.uz» сайтида Нурбек Алимовнинг «Нега Зулфиячи деганда Тэтчер ва Кюри каби интеллектуаллар кўз олдимизга келмайди?» сарлавҳали мақоласини ўқиб қолдим. Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларини бирёқлама тасвирлаган мулоҳазаларни ўқиб, очиғи, ушбу «қалам соҳиби»нинг айрим фикрлари кўнглимда ғалаён уйғотган бўлса, «қоғоз қоралаш»га арзимайдиган айрим фикрларга бироз ачиндим ҳам.

Мақола «Зулфиячи» қизларнинг дунёни бошқача кўз билан кўриши, уларнинг ҳаммаси бир хил одамчаларга ўхшаши ва уларнинг қўлидан фақат чиройли гапиришгина келиши ҳақидаги фикрлар билан бошланган. «Шу қизларнинг ичида жиддийроқ, мушоҳадали, оқим билан сузувчи бўлмаган, ўз позициясида мустаҳкам турувчи ҳақиқий интеллектуал шахс борми? Нега Зулфиячи деганда телбанамо, жўшқин ҳиссиётли, ақлдан озар даражада супер шоирага айланиб кетган қиз кўз олдимга келади? Нега Зулфиячи қиз деганда Мария Кюри ёки Маргарет Тэтчер каби ўта интеллектуал аёлларни кўз олдимга келтира олмайман? Фақатгина транс ҳолатига тушгандай кўзлари ярим юмуқ, бошларини чайқаб, баландпарвоз гаплар билан кимнидир улуғлаётган қизлар ёдимга келаверади? Нега Зулфия мукофоти ҳар хил номинацияларда берилса ҳам бу клише, шаблон миямга ўрнашиб қолган? Фақат менда шунақами?». Муаллиф ўзига шунчалар кўп савол берадики, гўё бу билан ўқувчини жалб қилишга ҳаракат қилади.

Тўғри, ҳар ким ўзича фикрлайди. Аммо оммавий ахборот воситаси орқали ўзининг шахсий ва юзаки нуқтаи назарини билдириш, айниқса, бугун давлатимиз ишонч билдириб, мукофотга сазовор бўлган қизларни «телбанамо» деб тасвирлаш тўғримикан? Муаллиф мақолани ёзиш учун бироз изланиб, кейин фикрларини қоғозга туширганида, мақолада айтилганидек, ўзи билган икки қиз билан 300 нафарга яқин давлат мукофоти совриндорига бундай нохолис баҳо бермаган бўларди.

Шу ўринда муаллиф қаламга олган машҳур интеллектуал аёллар ҳаётига бир қур назар солишни жоиз билдик. Дунёга машҳур Маргарет Тэтчер «Мен ижтимоий ва сиёсий ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасига қаттиққўл ва талабчан отамнинг шарофати билан эришдим» деган экан. XX асрнинг энг ёрқин сиймоларидан ҳисобланган ушбу аёл дунёга машҳур сиёсатчи бўлиб танилганида 40 ёшга яқинлашиб қолган эди. Отасининг тарбияси, қаттиққўллиги унинг шу даражага етишига имкон яратди. У университетни тамомлагач, пластмасса ишлаб чиқарувчи фирмада ишлагани, кейинчалик турмуш қуриб, фарзандли бўлиб, ундан кейингина сиёсатда ўзини синаб кўрганидан хабаримиз бор. Муаллиф «ёшгина қизалоқ, аммо буюк демагог» деб таърифлаган қизлар ҳам йиллар ўтиб, мана шундай ютуқларни қўлга киритар балки.

Таъкидлаш жоиз, Зулфия номидаги давлат мукофоти 1999 йилда таъсис этилган. Ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун 14 нафар қиз мазкур мукофот билан тақдирланиб келади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан бу йилдан эътиборан Зулфия номидаги давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга бериш бўйича янги тартиб жорий этилди. Бу йил 28 нафар истеъдодли қизимиз ушбу мукофотга сазовор бўлди.

«Зулфия қизлари» деганда фақат кеча мукофотни олган лицей ёки коллеж ўқувчисини тушунмаслик керак. Бу мукофот иқтидорли қизлар, бўлажак Зулфияхоним, Увайсий, Нодирабегим, Тўмарис ва, қўйингки, сиз айтган Тэтчер ва Кюрилар учун бир рағбат ва туртки.

Инсоннинг қай даражада тарбия топиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётий позициясига эга бўлишида оилада олган тарбияси муҳим аҳамият касб этади. Мен ҳам 2004 йили таълим йўналишида ушбу мукофотга сазовор бўлганман. Болалигимда ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши, талабчанлиги, китобга, билим олишга рағбатлантириши катта ютуқларни қўлга киритиш орзусини уйғотган. Кечагидек эсимда, отам давлат ташкилотларидан бирида ишларди. Тўрт фарзандининг билим олиши, бўш вақтини унумли ўтказиши, фан тўгаракларига қатнаши учун ҳар кунлик маблағни тақсимлаб, ўзи пиёда ишга кетарди. Фан олимпиадалари, китобхонлик танловларида иштироким учун барча шароитни яратиб берар, танловларда мен билан бирга ҳаяжонланарди, ғолиб бўлсам, ўзини ғолиб ҳисобларди. Туғилган кунларимизда китоб совға қилишни одат қилган отам кейинчалик ойлик маошини олдиндан олиб, мен ва укаларимга компьютер сотиб олганида оталик масъулиятининг нақадар кучли эканини бола кўнглим тўла англамагандир балки. Лекин ўзим фарзандли бўлиб, фарзандимнинг кичик ютуқларидан ҳам фахрланишни бошлаганимдан кейин бу мукофотга сазовор бўлганимда ота-онамнинг ҳис-туйғулари ва меҳнатларини тўла англаб етдим.

Олий таълимнинг бакалавр, магистратура босқичларини тамомлаб, аввал матбуот, ҳозир эса сиёсий партия тизимида ишлаяпман. Асосий ишим билан бир қаторда «Сиёсий публицистика: мавзу долзарблиги ва талқин хилма-хиллиги муаммолари» мавзусида докторлик диссертацияси учун мустақил илмий изланиш олиб бормоқдаман. Журналистика йўналишида кўплаб ютуқларга эришдим, илмий-оммабоп мақолалар билан матбуотда мунтазам иштирок этаман. Мақсадларим жуда кўп. Йиллар ўтади, вақт, тажриба, олинган билимлар самара бераверади. Бу биргина менинг иш, ижодий ва илмий фаолиятимнинг бир қисми холос. Ваҳоланки, мукофот совриндорларининг ҳар бири ўз йўналишида босқичма-босқич турли ютуқларга эришиб келмоқда. Мен бу мулоҳазани ўзим учун эмас, балки 300 га яқин сафдошим номидан ёзаяпман. Бугун сиз «ёш қизалоқ», «синглим» деб мурожаат қилган қизлар аллақачон катта бўлиб улгуришди. Мукофот олганда сиз айтган интеллектга тўла эришмаган бўлса-да, бугун улар орасида фан номзоди ва докторлари, ёш изланувчилар, депутатлар, раҳбар аёллар бор. Бугун улар тажрибали шифокор, қалами ўткир журналист, малакали ўқитувчи, халқаро муносабатлар билимдони, тадбиркор, фермер ва фаол талаба сифатида жамият ривожига ҳисса қўшаётир. Адабиёт, санъат, фан, таълимда ўз сўзини айта олаётган қизлар, наҳотки, мақола муаллифининг эътиборига тушмади? Муаллиф «шахсан таниган икки қиз»дан бошқасини танишга вақт ёки эътибор ажрата олмагани мукофот совриндорларининг айби эмас.

Фикримни мисоллар билан давом эттирмоқчиман. Фан йўналишида мукофотга сазовор бўлган қизлар орасида Ёрқиной Эрназарова, Бону Азизова, Хуршида Холиқова, Ҳулкарой Сулаймонова, Қумар Бегниёзова ёш олим сифатида фаннинг долзарб муаммоларини ечишга, докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Санъат йўналишида совриндор бўлган қорақалпоғистонлик Гулбаҳор Ахимбетова «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвонига сазовор бўлди. Ойдин Абдуллаева бастакорлик соҳасида устоз даражасига эришди, илмий изланишлар олиб бормоқда, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати. Адабиёт йўналишида мукофотнинг илк совриндорларидан бўлган Гулжамол Асқарова бугун ўзбек шеъриятида ўз овозига эга шоира. Дилноза Каттахонова Ёшлар иттифоқи етакчиларидан бири сифатида ёшлар муаммолари ечимида бош-қош бўлаётган бўлса, навоийлик Муҳаббат Темирова Навоий шаҳар ҳокимининг ўринбосари сифатида ҳудуд аёлларига хотин-қизлар масалаларида ҳамфикр.

Бугунги кунда иқтидорли қизларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам фаол ва ташаббускор. Хусусан, мукофот совриндорларидан 8 нафари халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутати этиб сайланган.

Олий ўқув юртида таҳсил олаётган мукофот совриндорларидан 9 нафари Ўзбекистон президенти стипендияси, 11 нафари Навоий ва Ибн Сино стипендиялари совриндори, шунингдек, спортчи қизларимиздан 87 нафари Осиё ва жаҳон чемпионатлари, бошқа нуфузли халқаро мусобақалар ғолиблигини қўлга киритган. Айни пайтда совриндорлар турли соҳаларда фаолият юритиб келмоқда. 240 нафар мукофот соҳибининг 109 нафари турли касбларда самарали фаолият олиб бормоқда. Ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва олий таълим тизимида таҳсил олаётганлар 108 нафарни ташкил қилади.

«Оддий ҳолат: шаҳарда ишдан, ўқишдан келган ҳар қандай нормал аёл бемалол ювиниб чиқиб, сочини бемалол қуритиб дамини олаётган даврда қишлоқдаги қизлар қишда печкада сув иситиб, шам ёруғида тоғорада бошини ювишини биласанми? Фен ишлатгани свет бўлмаса сочларини печканинг олдида ёйиб қуритишини-чи? Ёш келинчаклар оддий битта чой дамлаш учун ташқарига чиқиб, ўтин чопиб, ўчоқда сув қайнатишини биласанми?».

Менинг ҳам бу борада кўплаб саволларим бор. Ўша сиз айтган қишда печкада сув иситиб, шам ёруғида соч қуритаётган, ташқарига чиқиб, ўтин ёриб чой дамлаётган қишлоқ қизлари бу мукофотнинг аксарият совриндорлари эканини биласизми? Ҳатто пойтахт Тошкент шаҳри номидан бу мукофотга сазовор бўлган қизлар ҳам кўпчилиги пойтахтга узоқ қишлоқлардан келиб ўқиётган, иш юритаётган қизлар эканини-чи? Ўша сиз куюниб қаламга олган воқеа-ҳодиса бевосита уларнинг ҳаётида рўй берган десам тўғри бўлади.

Шу ўринда бугун одамларда «Зулфия қизлари»га нисбатан бу каби фикрларнинг қандай пайдо бўлаётгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам. 2000 йилдан буён ушбу нуфузли мукофотга 283 нафар қиз сазовор бўлган. Ўнлаб, юзлаб қизлар эришолмаган бу ютуққа эришган қизлар бугун нима билан машғул? Нега телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида асосан бир хил чеҳралар намоён бўлади?

Бу саволларга жавобни ўзим берсам. Зулфия мукофоти совриндорлари деганда фақат шеър ёзадиган ёки спортчи қизлар эмас, балки илм-фан, санъат ва маданият соҳасида фаолият олиб бораётган қизлар ҳақида ҳам мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш керак. «Мен давлат мукофоти совриндориман, мени оммавий ахборот воситасида кўрсатинг» деб қизларнинг ўзи ўзини кўз-кўз қилмайди-ку.

Иккинчидан, Хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган «Зулфияхоним қизлари» клуби фаолиятини жонлантириш зарур. Ушбу клуб қизлар фаолиятини мониторинг қилиб, уларнинг ўзаро тажриба ва фикр-мулоҳаза алмашиши учун ижодий муҳит яратиб бериши лозим.

Ўзаро суҳбатларда аксарият қизларимиз оилали бўлиб, фарзанд тарбияси билан банд деган гапларни эшитиб қоламиз. Аммо фарзанд тарбияси таътили ижодий, илмий фаолиятнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлармикан? Биз доим ҳаёти ва ижодини ўзбек қизларига намуна қилиб кўрсатадиган Зулфия ёки севимли шоирамиз Ҳалима Худойбердиева ҳам аёлнинг барча вазифаларини адо этган ва ҳеч қачон ижодни ташлаб қўймаган.

Айтмоқчи бўлганимиз, президент қарори билан бу юксак мукофот юзлаб қизлар орасидан бизга насиб қилган экан, бу масъулиятни дилдан ҳис қила олиш, унга муносиб бўлиш ва давлатимиз раҳбари ишончини оқлаш бирдан-бир вазифамиз. Бу вазифани адо этишда ҳеч қандай сабаб, баҳона бўлмаслиги керак. Мукофот соҳиблари ҳақидаги турли фикрларнинг яхши томонга ўзгаришида Зулфия мукофоти совриндорлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳамкорликдаги лойиҳалари муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мукофот соҳиблари фаолиятини тўғри ва самарали тарғиб қилиш, қизларнинг ўз устида тинимсиз ишлаши, фаолиятини янги босқичга кўтариши, тенгдошлари билан очиқ мулоқотларини ташкил этиш «Зулфия қизлари»га нисбатан нотўғри фикрларнинг барҳам топишига хизмат қилади. Ҳар бир мукофот соҳиби ишидан ташқари ўз ҳудудидаги хотин-қизлар муаммоларини аниқлаб, уларнинг ечимини топишга ҳисса қўшсагина халқимизнинг «отангга раҳмат», «бекорга мукофот олмаган-да» деган эътирофига мушарраф бўлади.

Машҳур актёр Чарли Чаплиннинг қизига ёзган мактублари қулоғингизга чалингандир балки. У қизига шундай ёзади: «Қизалоғим, сен жаҳонни ларзага соладиган актрисасан. Кун келиб бундан ҳам юқори марраларни забт этасан. Аммо ўшанда ҳам эсингдан чиқарма, сен саҳнада ўйнасанг, чекка-чекка қишлоқларда, тупроқ кўчаларни чангитиб юрган қизларнинг орасида сендан ҳам чиройли роль ўйнайдиганлари бўлади. Сен саҳнада ўйнасанг, улар ялангоёқ ой нурида ўйнайди. Сендан чиройлироқ ўйнайдиган шу қизлар тақдир сабаб одамлар назаридан четда бўлади».

Ҳа, биз билмаган минглаб истеъдодлар, иқтидорлар юртимизнинг чекка-чекка жойларида топилади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аммо бугун юртимизнинг чекка қишлоқларидаги истеъдодлар кашф этилиб, улар муносиб рағбатлантирилмоқда. Биз мана шу эътиборни унутмайлик! Чекка ҳудудлардан бизни кашф қилиб, бутун мамлакат қизларига намуна қилиб кўрсатаётган, бизни янги ютуқларга рағбатлантираётган юрт учун, давлат мукофоти учун муносиб бўлайлик. Шундагина бизнинг яратган ижодий асаримиз, биз тадқиқ қилаётган муаммо, бизнинг юзлаб одамлар орасида гапираётган гапимизни «Ватан учун бир чақага арзимайди» дейишга уялишар балки...

Шоҳида Даманова,
Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг