«101-рейс»: ўзбек киноижодкорлари Нью-Йоркдаги 11 сентябрь воқеалари ҳақида фильм суратга олади
«Ўзбеккино» миллий агентлиги Бадиий кенгашининг 19 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида 2 та бадиий ва 1 та ҳужжатли фильм лойиҳаси муҳокама этилди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.
Жумладан, режиссёр Акром Шоҳназаров ҳамда Эркин Аъзам бадиий раҳбарлигида тайёрланган «101-рейс» бадиий фильм лойиҳасининг тақдимоти Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Фильм реал воқеага асосланган бўлиб, унда 2001 йил АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида Шимолий Америка ҳаво ҳудудида қийин вазиятда қолган — бортида 180 нафар йўловчи бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига қарашли «Boing-767» самолётининг 101-рейс экипажи кўрсатган жасорат ҳақида ҳикоя қилинади.
Фильм сюжети қуйидагича: террорчилик хуружи сабаб АҚШ ҳаво ҳудудига кириш тақиқлаб қўйилади, шу вақтда Нью-Йоркнинг Жон Кеннеди номли аэропортига яқинлашиб келаётган 101-рейс экипажи эса бундан бехабар эди. Ҳаво кемасини қўндиришга ҳозирлик кўра бошлаган экипаж аъзолари аэропорт диспетчерларидан рад жавобини олгач, самолёт шаҳар осмонини яна бир неча марта айланиб, Канада халқаро аэропортига йўл олишга мажбур бўлади.
Бироқ шу куни йўналишини ўзгартирган самолётларнинг аксарияти айнан Канада аэропортига қўнишга мажбур бўлгани сабабли, диспетчер 101-рейсга фақатгина 3 соатдан кейин қўнишга рухсат бера олишини маълум қилади. Бахтга қарши самолётнинг битта двигатели ҳам ишдан чиқади ва бу кема йўловчилари орасида ваҳима кўтарилишига олиб келади.
Ёқилғи қолмагани сабаб энг яқин аэропортга ҳам етиб бора олмаслиги ойдинлашиб қолган 101-рейс экипажи ўта қийин бир вазиятда қолган эди. Шунда кема капитани Зархўжа Саидазимов барча масъулиятни зиммасига олиб, ўта хавфли бўлса-да таваккал қилишга жазм этади...
Ҳозирда ушбу лойиҳанинг бош қаҳрамонлари учун номзодлар кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter