Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимлари нега «кетиб қолишди»? Уларга белгиланган пул берилмадими?

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимлари нега «кетиб қолишди»? Уларга белгиланган пул берилмадими?

Фото: «Yandex»

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимлари шифохонадан кетиб қолгани, муассаса ёпилгани тўғрисида турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Мазкур вазият юзасидан расмий ахборот берилди.

Таъкидланишича, бу ёлғон ахборот бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди. Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Юлдашева вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқуловга расман хат орқали мурожаат қилиб, 11-15 июль кунлари мазкур шифохонада дезинфекция, дератизация, ювиш ва чайиш ишларини олиб боришга рухсат сўраган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг розилиги асосида, айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонасида инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида юқоридаги ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда шифохона тиббиёт ходимларининг карантин шароитидаги меҳнат фаолиятини баҳолашда, уларни рағбатлаштиришда мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилмагани, карантинга олинганлар, коронавирус инфекцияси билан оғриган беморларни даволашда иштироки муносиб баҳоланмаётгани мазмунидаги фикрлар билдирилган.

Расмий ахборотга кўра, вилоят молия бош бошқармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ҳолатлар бўйича бир неча марта шифохона ходимлари билан учрашишган, мавжуд қонунчилик бўйича белгиланган меъёрлар тушунтирилган. Яъни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси беморларни даволаш билан шуғулланмагани, карантинга олинган фуқароларни лаборатор таҳлилларни олиш, инфекция аниқланган беморларни махсус шифохоналарга йўлланма асосида юборишда қатнашганлар. Бу ҳолатда улар тўлиқ циклда 14 кун давомида беморларни даволашда иштирок этмагани инобатга олинади ва моддий рағбатлантириш тартиби шу жиҳатга асосан, бевосита беморларни даволашда қатнашган шифокорлар билан бир хил бўлмайди.

Шу билан бирга, карантин тартиблари янада кучайтирилган, беморлар сони ошиб бораётган ҳозирги пайтда шифокорлар билан бундай тушунмовчилик юзага келаётгани ёқимсиз ҳолат эканлиги таъкидланган. Ҳеч ким, ҳеч бир ташкилот ва идора Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ҳамда Республика махсус комиссиясининг қарорида белгиланган меъёрларни ўзгартирган ҳолда қўшимча рағбатлантиришни амалга оширишга ҳақли эмас, дейилади расмий ахборотда.

Шу пайтга қадар вилоятда коронавирус инфекциясига қарши курашда иштирок этаётган шифокорларни моддий рағбатлантиришга жами 15 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфланди. 4 минг 829 нафар тиббиёт ходимининг ойлик маошига қўшимча 6 фоиз моддий рағбатлантириш ажратилди. Бу мақсадда жами 9 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қатнашган 333 нафар шифокорлар 14 кунлик фаолияти учун жами 6 миллиард 700 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантирилган, дея маълумот ўрнида келтирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг