Сирдарёга борган Олий суд раиси ўринбосарлари бир неча маҳкумни озодликка чиқарди
Сардоба туманида юзага келган сув тошқини натижасида эвакуация қилинган аҳоли ҳолидан нафақат хабар олиш, балки уларнинг судга оид муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида Олий суди раисининг ўринбосарлари Холмўмин Ёдгоров ва Икром Муслимов 2020 йил 5 май куни Гулистон шаҳрига борди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.
Аввалига Олий суд томонидан жабр кўрганларга кўмак доирасида тўпланган озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда бошқа турдаги 3 та юк автомашинасидан иборат маҳсулотларнинг иккитаси Гулистон шаҳрида ташкил этилган махсус омборга, яна битта эса Оқолтин туманидаги Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус штабига етказилди.
Шундан сўнг Сардоба туманидан Гулистон шаҳридаги ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактаб интернатига жойлаштирилган фуқаролар билан суҳбат ўтказилди.
Мулоқотда жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг 2019 йил
1 августдаги ҳукмига кўра, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган М.Шариповага оид «иш» маҳкуманинг шикояти ва ота-онасининг мурожаатига асосан вилоят судининг кассация инстанциясида кўриб чиқилди. Маҳкума сув тошқини натижасида зарарланган ҳудуд, яъни Сардоба туманидаги «Дўстлик» МФЙ ҳудудида яшаганлиги инобатга олиниб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилиди ва М.Шарипова жазони ўташ муассасасидан озод қилинди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг 2020 йил 5 майдаги ажримига асосан В.Иордаки ва Ш.Ҳайдаровга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоларининг ўталмаган қисми енгилроқ турдаги жазолар билан алмаштирилиб, ҳар икки маҳкум ҳам озодликка чиқарилди.
Бундан ташқари Сардоба туман маъмурий судининг 2020 йил 21 апрелдаги қарори билан МЖтКнинг 54 ва 183-моддалари билан жавобгарликка тортилган М.Жонибеков ва Р.Анорбоевнинг «иши» ҳам апелляция тартибида кўриб чиқилди. Натижада ҳуқуқбузарлар яшаб келган ҳудуд аҳолиси хавфсиз жойларга эвакуация қилинганлиги сабабли суд қарори ўзгартирилиб, улар ҳам маъмурий қамоқдан озод қилинди.
Тошқин оқибатида Жиззах вилоятига эвакуация қилинган асли Оқолтин тумани «Аҳиллик» маҳалла фуқаролар йиғини Оқтерак кўчасида яшаб келган М.Исаеванинг маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни ундириш ҳақидаги даъво-аризаси кўриб чиқиш карантин сабабли вақтинча тўхтатилган эди. Мазкур тўхтатилган фуқаролик иши тикланиб, Оқолтин туманлараро суди томонидан кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter