«Қўрқинчли Лондон»: рус олигархлари ёппасига қочишяпти
Буюк Британияда коронавирус 10 минг кишининг бошига етди. Британия ҳукуматининг Фавқулодда вазиятлар бўйича илмий-маслаҳат гуруҳида иш олиб бораётган катта маслаҳатчиси сэр Жереми Фаррарнинг айтишича, тез орада мамлакатдаги вазият Европада энг ёмонига айланиши мумкин. Шунчаликки, «Argumenti.ru» ёзишича, Лондонда яшаб келган кўплаб россиялик олигархлар иложи борича тезроқ бу ердан жуфтакни ростлаб қолишга ҳаракат қилишяпти.
Пандемия Туманли Альбионга анча чуқур кириб борди. Ҳатто яқинда касалхонадан жавоб теккан бош вазир Борис Жонсоннинг ўзи 48 соат мобайнида унга икки дунё бир бўлиб қолганига иқрор бўлди. Икки ҳамширанинг Жонсонни тинмай кислород билан таъминлаб туришигина уни оёққа турғазди.
Аммо Жонсон — ҳукумат раҳбари, эпидемия пайти саноқлиларгина бундай имтиёздан умид қила олади. Пул ҳам ёрдам бермайди — пандемия даврида мамлакатда барча пулли тиббий хизматлар бекор қилинган.
Бу асло муболаға эмас. Британ нашрлари керакли тиббий ёрдам ололмай, уйида қийналиб жон берганлар тўғрисидаги хабарлар билан тўлиб-тошмоқда. Шундай паллаларда серҳашам ҳаётга ўрганиб қолган олигархларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолган ва кўзларига жондек азиз кўринаётган ватанларига ошиқишмоқда.
Коронавируснинг ўзидан ҳам кўра, унинг ваҳимаси ичида яшаш кўпларга ваҳимали туюляпти.
Шунинг учун ҳам, Россия чегарасидаёқ ҳибсга олиниши мумкин бўлганларидан ташқари, барча рус бойлари бир иложисини қилиб қочиб қолиш пайига тушишган. Бироқ Британиядан қочиш ҳозир осонмас — аэропортлар ёпилган. Айтишларича, рус бойларидан бири мустақил ҳаётга учирма қилган фарзандларини бир жойга тўплаш учун бутун бошли операцияни уддалабди. Кўз очиб-юмгунча барча оила аъзоларини кичкина ташландиқ аэропортнинг учиш майдончасига йиғиб, кичик шахсий самолётда амаллаб Россияга учиб кетган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter