Ўзбекистон пандемияга қай даражада тайёргарлик кўргани маълум қилинди

АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Хабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
— Пандемия бошланишидан аввал Ўзбекистонда тайёргарлик қай даражада эди?
— Хитойнинг Уҳан шаҳрида эпидемия бошланиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйлаб пандемия эҳтимолини эълон килган кунда Ўзбекистонда Махсус комиссия ташкил қилиниб, барча тайёргарлик ишлари олдиндан бошланган. Махсус кийим-кечак, ниқоблар, дори-дармонлар, дезинфекция воситалари, керакли асбоб-ускуналар келтирилган, шунингдек, тиббиёт мутахассислари COVID-19 ни даволаш бўйича малака ошириш курсларида тайёрланишди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга коронавирус кириб келганда бизда тайёргарлик даражаси юқори бўлган.
— Британиялик олимларнинг D витамини ва қуёш нурининг етишмаслиги коронавирусдан ўлим ҳолатини кучайтириши ҳақидаги тахминлари тўғрими?
— D витамини етишмовчилигининг коронавирусдан ўлим ҳолатини кучатиришига узвий боғлиқлиги исботланмаган. Ҳақиқатан ҳам D витамини етишмовчилиги организмда иммунитет заифлашишига ва унинг касалликларга тез чалинишига олиб келиши мумкин. Бироқ буларнинг барчаси олимларнинг тахминлари бўлиб, бу борада изланишлар давом этмоқда.
— Вирусдан ҳимоя воситалари (ниқоб, қўлқоп, кўзойнак ва ҳоказо) ўзимизда ишлаб чиқариладими ёки хориждан келтириляптими?
— Карантин даврида республикамизнинг бир қатор кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлари барча ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган. Ниқоб, устки ҳимоя кийими, қўлқоп ва бошка дезинфекция воситалари керакли микдорда ўзимизда ишлаб чиқарилмокда.
— Ўзбекистонда коронавируснинг қандай юқиш ҳолатлари кўпроқ учраяпти?
— Коронавирус аҳолига қайси йўл билан — аксириш, қўл бериб кўришиш ёки буюмлар орқали юққанлигини аниқ айтиш мушкул.
— «Карантинда узоқ ўтириш саломатликка зарар, энг аввало иммунитет сусайишига олиб келади», дейишмоқда. Карантиннинг фойда ва зарари ҳақида нималар дея оласиз?
— Карантин — бу албатта осон бўлмаган жараён. Унинг энг асосий фойдаси — касалликни юқтирмаслик ва тарқалмаслиги. Зарари — камҳаракатлик албатта имунитетнинг сусайишига олиб келиши аниқ. Шунинг учун шифокорларимиз валеологиянинг асосий тамойилларига риоя қилишни тавсия этишади:
➖ ҳовли ёки хонадон ичида жисмоний фаоллик, бадантарбия,
➖ жойида туриб югириш,
➖ «тренажёр»лардан фойдаланиш,
➖ хонани тез-тез шамоллатиб туриш.
Энг асосийси — тўғри овқатланиш. Кам калорияга эга ва витаминларган бой овқатларни тановул қилиш мақсадга муофиқдир. Иммунитетни кўтариш учун маҳаллий табиий ўсимлик дори воситаларидан истеъмол қилиб туриш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter