Манфий тест коронавирусдан холисиз дегани эмас: COVID-19ни бошқа касалликлардан қандай ажратиш мумкин?
Сайр, саёҳат, таътил — узоқ карантиндан сўнг организм учун булар керак, албатта. Аммо коронавирус ҳам ҳаммаёқни кезиб юрибди, эҳтиёт бўлган, айрим нарсаларни билиб қўйган зарар қилмайди. Масалан, бу инфекция бошқа ўхшаш касалликлардан нимаси билан фарқ қилишини. Россиялик вирусолог, профессор Анатолий Альтштейн «КП»га берган интервьюсида енгил кечаётган COVID-19 ни бошқа касалликлар билан адаштириб юбормаслик учун нималарга эътибор бериш кераклигини айтди.
Коронавирус инфекцияси, агар касаллик енгил кечаётган бўлса, грипп ва шамоллашга ўхшаб кетади. Агарда касалликнинг асосий симптомлари тумов, аксириш ва йўтал бўлса, уни аллергия деб ҳам ўйлаш мумкин.
«Бироқ COVID-19 анча ёрқин ўз симптомларига эга. Масалан, неврологик аломатлар, кўпларда ҳид, таъм билиш хусусияти йўқолади. Вазиятга ойдинлик киритадиган асосий восита — коронавирусга тест топшириш», — деди вирусолог.
Мутахассисга кўра, ПЦР-ташхис жуда аниқ восита, фақат намуна олишда йўл қўйилган қўпол хатоларгина нотўғри натижа бериши мумкин. Коронавирус тести мусбат чиқса хатолик эҳтимоли жуда паст бўлади. Ва аксинча, манфий натижа сизнинг касалликдан холи эканингизни тўлиқ англатмайди — намунани нотўғри олган бўлишлари мумкин.
Коронавирус ошқозонга ҳам таъсир ўтказади, кўплар буни оддий қорин оғриғига адаштиради, аммо малакали врач бу касалликлар бутунлай бошқа-бошқа нарсалар эканини аниқ билади, деб тушунтирди Альтштейн.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter