Коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича янги меъёрлар татбиқ этилади
«COVID-19» билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларнинг олтинчи нашри тасдиқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Ушбу нашрда акс этган муҳим ўзгаришлар ҳақида вазирлик қошидаги Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Олтинчи нашрнинг аввалгиларидан фарқи шуки, ундан коронавируснинг пайдо бўлиши, дунё бўйича тарқалиши каби умумий маълумотлар олиб ташланиб, иш жараёнида ўрганиш ва қўллашга осон бўлиши учун, асосан, даволаш бўйича тиббиёт ходимлари учун аниқ кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, шу пайтгача маҳаллий мутахассисларимиз томонидан тўпланган тажрибалар асосида тегишли қўшимчалар ҳам киритилди.
Масалан, коронавирусга чалинган беморларни уй шароитида қандай тартибда даволаниши аниқ белгилаб берилди.
Бундан ташқари, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, касаллик клиник белгиларсиз кечаётган беморлар билан ишлаш бўйича ҳам тиббиёт ходимлари учун алоҳида тавсиялар тақдим этилди.
Беморни даволашда бир қатор таҳлил жадвалларининг берилиши мазкур нашрдаги энг муҳим янгиликлардан бири бўлди, дейиш мумкин.
Жумладан, ўткир респиратор касалликларга эга беморнинг касаллик белгилари бўйича саволномаси келтирилган бўлиб, у орқали касаллик симптомлари билан бир қаторда, беморнинг охирги 14 кунлик фаолияти ва мулоқотлари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин бўлади.
Шунингдек, унда ҳозирги кунда энг долзарб бўлиб турган, пневмония билан касалланган беморлар аҳволининг оғирлик даражасини аниқ баҳолаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилди.
Бунда пневмониянинг оғирлик даражаси – енгил, ўрта, ўрта оғир ва оғир каби 4 та категорияга бўлинди.
Уларнинг фарқли жиҳатлари аниқлаштирилди. Қўлланма билан танишган мутахассис касалликнинг турли даражасидаги ўпканинг намунавий компьютер тамографик суратлари мисолида беморнинг ҳолатига тез ва аниқ баҳо бера олади.
Яъни енгил даражадаги пневмония аниқланган беморлар бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари назорати остида уй шароитида даволанади, ўрта даражасидаги – махсус саралаш ва тақсимлаш марказларига, ўрта оғир ва оғир даражасидаги беморлар эса махсус ихтисослашган тиббиёт муассасаларига йўналтирилади. Шу орқали беморга ёрдам кўрсатиш жараёни тезлаштирилишига эришилади.
Бундан ташқари, қўлланмада беморнинг ҳолати, яъни унинг тана ҳарорати, сатурацияси, нафас олиш ва юрак уриш сони, артериал қон босими, КТ-таҳлили каби қатор кўрсаткичлар орқали динамикасини баҳолаш тизими жорий қилиш кўрсатиб берилди.
Бу орқали эса беморнинг аҳволи ижобий ёки салбий томонга ўзгараётгани ҳақида яхлит таҳлилга эга бўлиш имконияти яратилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter