Карантиндаги шахс қочиб кетиш учун ҳарбийга пора таклиф қилди (фото)
12 апрел куни Марказий ҳарбий округ қўмондони буйруғига асосан, карантиндан қочишга уринган фуқарони ушлаб қолган ҳарбий хизматчига III даражадаги сержант унвони ҳамда қимматбаҳо совға топширилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати Xabar.uz'га маълум қилди.
Самарқанд вилояти Саломатликни тиклаш шифохонасида 7 апрель куни 129 нафар фуқаро карантинга олиниб, патруллик қўриқловига округ бўлинмаси жалб қилинган эди.
11 апрел куни соат 20.30 да Самарқанд шаҳри Чўпонота маҳалласида яшовчи, чет элдан келган ва карантинга олинган 1978 йил туғилган фуқаро Ж.К. шифохонани орқа томонидан қочишга уринган. Белгиланган йўналишда хизмат олиб бораётган шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи Шамсиддин Жўраев томонидан тақиқланган ҳудудни кесиб ўтган тартиббузар тўхтатилган.
Ҳарбий хизматчига фуқаро уйига бориб-келиши, қайтиб келгандан сўнг, уни рози қилишини айтиб, пора таклиф қилган. Натижа бўлмагач, ҳаракатни давом эттириб, девордан ошмоқчи бўлган. Соқчи тартиббузарни яна бир қатъий огоҳлантириб, қўлга олиш чорасини қўллаган. Алоқа воситаси орқали берилган хабарга кўра, қисқа вақт ичида тезкор бўлинма етиб келган.
Бундан ташқари, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги карантинга олинган «Маржонсув» санаторийсига 12 апрел куни соат 12.00да 1991 йилда туғилган фуқаро М.Н киришга уринган.
Ушбу фуқароларга яна бир бор карантин қоидалари тушунтирилиб, белгиланган тартибда маъмурий баённома тузилди.
Карантиндаги фуқароларни хавфсизлигини таъминлашда юксак масулиятни тўла ҳис қилган ҳарбийлар хизмат жойини ўзида тақдирланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter