Карантиндаги фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун навбатдаги жанговар смена юборилди. Эски смена карантинга олинади (фото)
Бугун, 2 арпель куни Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони кўрсатмасига асосан Самарқанд вилоятида жойлашган карантиндаги фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун тантанали равишда навбатдаги жанговар смена юборилди. Бу ҳақда ҳарбий журналист, капитан Ғайрат Мадраҳимов Xabar.uz'га маълум қилди.
Тадбирда округ қўмондонлиги, Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий гарнизони офицерлари, ҳарбий қисм командирлари, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Дастлаб, синовли кунларда халқимизга елкадош бўлган яъни карантиндаги фуқароларни хавфсизлигини таъминлашда ва кўчалар, аҳоли уйларини дизенфекция қилишда, шунингдек, уруш қатнашчилари, ёлғиз кексалар холидан хабар олишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга пул, эсдалик совғалари ҳамда навбатдаги унвонлар топширилди.
Шундан сўнг, Самарқанд вилоятида карантинга олинган шифохона ва биноларда фуқароларни хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинган бўлинмаларга жанговар топшириқ берилди.
— Карантин масканида хизматни ўташ жанговар вазифани бажариш билан тенглаштирилади, — дейди округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов. — Самарқанд (5 та), Жиззах(1 та) ҳамда Навоий (4 та) вилоятидаги жами 10 та объектда 200 нафарга яқин ҳарбийлар томонидан патруллик қўриқлови олиб бориляпти. Бундан ташқари, ички блок-постларда ҳам хизмат тўғри ташкил этилган. Карантин ҳудудида қўриқловни амалга оширган бўлинмалар эса Самарқанд ҳарбий госпиталига 14 кунлик карантинга жойлаштирилади. Улар малакали шифокорлар назоратида бўлишади.
Тантанали кузатиш маросимида фахрий қоровул томонидан жанговар байроқ олиб ўтилди. Ҳарбий оркестр ижросида жанговар куй янгради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter