«AstraZeneca»ни тўхтатган Германия ва Италияда эмлаш кампанияси издан чиқди
Қатор Европа мамлакатларининг Оксфорд университетининг COVID-19га қарши вакцинаси («AstraZeneca»)дан воз кечиши вакцинация марказлари ёпилиб, аҳолини эмлаш ишлари издан чиқишига олиб келди.
Италия ва Германия — «AstraZeneca» вакцинасини тўхтатишга қарор қилган икки энг йирик давлат. Хусусан, Германияда ушбу вакцинани қабул қилган 7 кишида қон томирлар тромби (жумладан, чуқур вена тромбози) кузатилганди. Бунинг оқибатида уч киши вафот этган.
Италиянинг «Aifa» дори воситалари агентлиги раҳбари Николо Магринининг айтишича, Апеннин яриморолида «AstraZeneca» билан эмланган 8 киши вафот этган, 4 кишида эса вакцина оғир асоратлар қолдирган.
Германия ва Италиядан ташқари, «AstraZeneca» вакцинаси билан эмлашни Литва, Дания, Люксембург, Руминия, Болгария, Норвегия, Ирландия, Нидерландия, Франция ва ҳатто ушбу вакцинани ишлаб чиқараётган Швециянинг ўзи ҳам тўхтатди.
Ўз навбатида, Германиядаги танқидчилар вакцинациянинг тўхтатилиши шундоқ ҳам секин кетаётган эмлаш кампаниясига жиддий зарба бўлишидан огоҳлантиришди. Масалан, эмлашга навбатда турган аксарият одамлар боши берк кўчага кириб қолишди. Шундоқ ҳам аввалдан ишончсизлик билан қаралаётган инглиз-швед вакцинаси хавфсизлиги борасидаги мубоҳасалар янада кучайиб кетди. Бошида ушбу вакцинани 65 ёшдан ошган инсонларга бермасликка қарор қилган Германия ҳукумати кейинчалик ўз қарорини ўзгартирганди.
Германия таълим вазири Аня Карличекнинг таъкидлашича, «AstraZeneca» тўхтатилиши ўқитувчи ва тарбиячиларни эмлаш режасини остин-устун қилиб юборди. Унинг айтишича, фақат вакцинациягина болалар боғчалари ва мактабларнинг ёпилмасдан ишлашини кафолатлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter