Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЖЧ-2018. Бразилия ҳам чиқариб юборилди. Энди ким фаворит?

ЖЧ-2018. Бразилия ҳам чиқариб юборилди. Энди ким фаворит?

Фото: «Reuters»

Россия майдонларида ўтаётган Жаҳон чемпионатида мундиал олдидан саналган фаворитлар бирин-кетин турнирдан чиқариб юборилди. Чорак финалнинг Бразилия – Бельгия учрашувида пентакампионлар бошига ҳам шу савдо тушди.

Бразилия бутун учрашувни ҳужумкор ўтказди, аммо кўплаб вазиятлардан фойдалана олмади. Бельгия эса аксинча, жуда самарали ўйнади. Дастлаб автогол европаликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Сўнг қарши ҳужумларнинг бирида Де Брюйне ажойиб ҳаракат қилди ва ҳисобни 2-0га етказди.

Иккинчи тайм ҳам тўлиқ бразилияликлар ҳужуми остида ўтди. Яна қатор вазиятлар кўкка совурилди, айримларида эса Тибо Куртуа фантастик ўйин кўрсатди. Фақат биргина ҳолатда у Ренатонинг бош билан берган зарбасини ўтказиб юборди.

Учрашувни европалик ҳакам бошқаргани бироз ажабланарли. Чунки майдонда Европа ва Жанубий Америка жамоалари тўп сурди. Одатда бундай вазиятларда нейтрал қитъадан ҳакам тайинланади. Милорад Мажичнинг айрим қарорлари бразилияликларнинг эътирозини келтириб чиқариши аниқ.

Бельгия қарши ҳужумга таяниб ўйнади ва ўз мақсадига эришди. Роберто Мартинес шогирдлари шу тарзда ярим финалга йўл олди. Бу босқичда уларни Франция кутиб турибди.

Турнирнинг қолган қисмида фақат Европа жамоалари ўйинини кўрамиз. Қизиқ, энди ЖЧда ким фаворит деб ўйлайсиз?

Бразилия – Бельгия 1:2 (0:2)

Голлар: 0:1 – 13, автогол Фернандиньо, 0:2 – 31 де Брюйне, 1:2 – 76 Ренато Аугусто.

Бразилия – Алиссон, Тиаго Силва, Марсело, Фагнер, Миранда, Паулиньо (Ренато Аугусто, 73), Фернандиньо, Коутиньо, Виллиан (Фирмино, 46), Неймар, Габриэл Жезус (Дуглас Коста, 58).

Бельгия – Куртуа, Компани, Вертонген, Менье, Алдервейрелд, Феллайни, Шадли (Вермален, 83), де Брюйне, Витцель, Азар, Лукаку (Тилеманс, 87).

Огоҳлантиришлар: Алдервейрелд (47), Менье (71), Фернандиньо (85), Фагнер (90).

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг