Матбуот Путиннинг сўнгги қарори ортида хосиятсизлик кўрди
12 май куни Россия президенти Владимир Путиннинг фармони билан мудофаа вазири Сергей Шойгу лавозимидан олинди.
Уруш шароитида яшаётган мамлакат ҳукуматидаги муҳим мансабга мутахассислиги иқтисодчи бўлган Андрей Белоусов тайинланди.
Путиннинг кўп йиллик қадрдони ва сафдоши бўлган Шойгунинг Украинада уруш айни қизиган паллада ишдан олиниши, боз устига, мудофаа соҳасига ҳарбий эмас, фуқаролик жабҳаси вакилининг раҳбар этиб тайинланиши кутилмаган қарор ўлароқ қабул қилинди.
Жаҳон матбуоти ва сиёсий таҳлилчилар Кремль ушбу сиёсий рокировка орқали нимани кўзлаганини фаол муҳокама қилмоқда.
65 ёшли Андрей Белоусов узоқ йиллар Россия Фанлар академияси тизимида фаолият олиб борган. Ҳукумат тузилмасига анча кеч ўтган. 2012-2013 йилларда Россия иқтисодий тараққиёт вазири, 2013-2020 йилларда президентнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси, 2020 йилдан ҳозирга қадар ҳукумат раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
А.Белоусов Россиянинг Қримни аннексия қилишини қўллав-қувватлаган Путин атрофидаги саноқли иқтисодчилардан биридир.
Россиянинг Украинага босқини ортидан ЕИ, АҚШ ва бошқа қатор давлатлар унга нисбатан санкция жорий қилган.
А.Белоусов иқтисодчи сифатида либерал қарашларга у қадар мойил эмаслиги, иқтисодиётда давлат иштирокини кучайтириш тарафдори экани айтилади.
“The New York Times” газетасининг ёзишича, шошилинч қарорлардан қочадиган Путиннинг мудофаа вазирлигига А.Белоусовни олиб келиши Украинадаги икки йиллик урушдаги бурилиш нуқта бўлиши мумкин. Бинобарин, Россия қўшинининг Украинадаги муваффақиятсизлиги мудофаа вазирини ўзгартиришни тақозо этган.
Сиёсатшунос Аркадий Дубновга кўра, 2023 йилнинг ёзида “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати раҳбари Евгений Пригожин томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришига уриниш мантиқан мудофаа вазирининг ишдан кетиши билан якунланиши керак эди. Сир эмас, ғалаён ортидан сирли тарзда ҳалок бўлган Пригожин мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ашаддий танқидчиси эди.
Аксар нашрлар иқтисодчининг мудофаа соҳасига раҳбар этиб тайинланишидан кўзланган мақсад мамлакат иқтисодиётини ҳарбийлаштириш деб ҳисоблайди. Жумладан, “The Washington Post” газетасининг ёзишича, Путин билан иқтисодий масалаларда ҳамфикр бўлган янги мудофаа вазири мамлакат иқтисодиётини ҳарбий рельсга ўтказади.
Француз матбуоти эса ушбу ўзгариш ортида хосиятсизлик – Кремлнинг Ғарб билан узоқ йиллик ихтилофни қасд қилганини кўрган.
“Ушбу тайинлов Россия иқтисодиётининг тобора ҳарбийлашаётгани, мамлакат нафақат Украина урушидаги муаммоларни ҳал этишга уринаётгани, шу билан бирга, Ғарб билан узоқ муддатли зиддиятга ҳозирлик кўраётганидан ҳам далолат беради”, – деб ёзди “Le Monde” газетаси.
Сўнгги вақтларда Россия мудофаа вазирлиги тизимида коррупция билан боғлиқ талай шов-шувли ишлар ўртага чиқди. Масалан, жорий йил 23 апрель куни мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов коррупцияга доир жиноят иши доирасида қўлга олинди. С.Шойгунинг муовини катта миқдорда пора олганликда айбланмоқда.
Бу каби жиноий ишлар вазирлик обрўсига соя солгани шубҳасиз. Шунга кўра аксар таҳлилчилар янги мудофаа вазири зиммасига тизимда коррупцияга қарши муросасиз курашиш вазифаси ҳам юкланганини айтмоқда.
Дарвоқе, С.Шойгу ишсиз қолгани йўқ, у РФ Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига тайинланди. Аммо сиёсатшунослар у ўз карьерасида “интиҳонинг ибтидоси” даврига қадам қўйди деган фикрда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter