Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёз бошланди. Июнда яна аномал иссиқлар бўладими?

Ёз бошланди. Июнда яна аномал иссиқлар бўладими?

Фото: Xabar.uz

«Ўзгидромет» томонидан дунёнинг етакчи прогностик марказлари ҳисоб-китобларини жалб қилган ҳолда тузилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу йилнинг июн ойи ўртача иссиқ бўлади.

Июн ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида, республика шимоли бўйича баъзи жойларда асосан меъёрдан 1-2° га юқори бўлиши кутилмоқда. Ой давомида республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида кундуз кунги ҳарорат 29-32° дан 36-39° гача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати 40-42° гача кўтарилади.

Сўнгги 3 йил ичида июн ойи қандай бўлган?

2019 йил июн ойи Тошкентда ҳаво ҳарорати деярли ой давомида 29-34 даража атрофида қулай бўлди ва фақат ойнинг энг охирида 35-37° гача кўтарилди.

2020 йил июн ойи унча иссиқ бўлмади. Масалан, Тошкентда ҳаво ҳарорати фақат бир марта 40° га етган.

2021 йил июн ойи аномал иссиқ бўлди. Кўпчилик вилоятларда ўтган йилнинг июн ойи Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ, баъзи жойларда эса жуда иссиқ бўлди. Республиканинг айрим ҳудудларида барча метеорологик кузатувлар қаторлари бўйича июн ойи учун максимал ҳаво ҳароратининг рекордлари ўрнатилди.

Ушбу йилнинг июн ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Умуман олганда, Марказий Осиёда ёз қурғоқчилик билан ажралиб туришига қарамай, Ўзбекистонда июн ойида баъзан маҳаллий хусусиятга эга жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли ёмғирлар ёғади. Шундай қилиб, 2019 йил июн ойи бошида Тошкентда дўл билан жуда кучли ёмғир ёғди. Турли ҳудудларда 2-3 соат ичида 20 мм дан 50 мм гача ёғингарчилик бўлди, бу июн ойининг ойлик меъёридан нисбатан кўп бўлди.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида июн ойида кучли жала ёмғирлар ёғиши энг хафли деб ҳисобланади, чунки улар сел ва сув тошқинлари ўтишига сабаб бўлиши мумкин.

Кейинчалик, ёзнинг охиригача ўртача ҳарорат меъёр атрофида ва меъёрдан деярли юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Ёз аномал иссиқ бўлмайди, лекин жуда иссиқ об-ҳаво даврлари, албатта, истисно қилинмайди. Бу мамлакатимиз иқлимининг ўзига хос хусусиятларидан биридир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг