Ёшлар тарбиясига масъул раҳбарлар учун ўқув семинар бўлиб ўтмоқда
Бугун, 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Президентимизнинг Олий Мажлис ва халққа Мурожаатномаси ҳамда «Ёшлар форуми»да белгилаб берилган вазифалар юзасидан ёшлар тарбиясига масъул бўлган раҳбарлар учун давлат идоралари раҳбарлари иштирокида икки кунлик ўқув-семинар бошланди.
Мазкур ўқув-семинарда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Содиқов ҳамда АКТ соҳасида фаолият юритаётган ташкилот ва корхоналарнинг раҳбарлари иштирок этди, дея хабар берди вазирлик ахборот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис ва халққа Мурожаатномасида ҳамда «Ёшлар форуми»да белгилаб берилган энг муҳим вазифалардан бири ёшларнинг билим ва савиясини ошириш ва етук малакали кадрларни тайёрлаш деб кўрсатилди.
2020 йил 29 декабрь куни Давлатимиз раҳбари томонидан бу йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилдилар.
Президентимиз 2020 йил 25 декабрь куни Ёшлар форумида юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, ёшларга, уларнинг куч-ғайратига ва азму шижоатига суянишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Форумда жуда кўплаб соҳалар қатори ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси олдига ҳам бир қанча вазифалар қўйилди. Ана шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Вазирлик ўз олдига муҳим вазифаларни белгилаб олди.
Ёшлар ва масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи «Ёшлар мурожаати» электрон платформасини яратиш, ёшларни АКТ соҳасига янада қизиқтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жорий йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилади.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятида Ахборот технологиялари университети филиали ҳамда барча ҳудудларда мазкур йўналишда техникумлар фаолияти йўлга қўйилади.
2021 йилдан бошлаб халқаро «IT» сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифалари белгиланди.
Кейинги икки йилда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 300 минг ёшларни компьютер технологиялари йўналишида бепул ўқитиш, масофавий таълимни ва дарсларни онлайн ўтказиш имкониятини яратадиган «Онлайн, Рақамли, Хавфсиз ихтисослаштирилган мактаб», «Олий таълим жараёнларини бошқариш» ахборот тизимлар яратилади ва ишга туширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм ва Наманган вилоятларида IT Парк филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ–4851-сон қарорига мувофиқ, 2020 йилда 14 та информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаблари ташкил этилди ва жиҳозланди. Шунингдек, 2021 йилда — 82 та, 2022 йилда — 64 та ва 2023 йилда — 45 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун:
ТАТУда 2020/2021 ўқув йилида янги Рақамли иқтисодиёт бакалавр таълим йўналиши ҳамда 8 та янги магистратура мутахассислиги очилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ТАТУ тузилмасида Ўзбек-Беларусь қўшма факультети ташкил этилиб, 2020/2021 ўқув йили учун қўшма факультетга 500 нафар талаба қабул қилинди.
ТАТУ ва унинг филиалларида жами 1 5000 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 7 январдаги ПҚ-4097-сон қарори билан Тошкент шаҳрида Амити университети ташкил этилган ва ўз фаолиятини 2019/2020 ўқув йилидан бошлаган Тошкент шаҳрида Амити университетига хорижий мамлакатлардан 17 нафар PhD даражасига эга профессор-ўқитувчилар жалб қилинган бўлиб, 2019/2020 ўқув йилида 498 нафар талаба биринчи босқични якунлади. Тошкент шаҳридаги Амити университетига 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилиб, 384 нафар талаба қабул қилинди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида 51 нафар профессор-ўқитувчи ва ассистент фаолият юритиб, талабаларнинг умумий сони 1506 нафарни ташкил этади. Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетига 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилиб, 420 нафар талаба қабул қилинди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 2020/2021 ўқув йили учун қабул квотаси 330 нафар этиб белгиланган бўлиб, кириш имтиҳонлари республикамизда биринчи маротаба онлайн шаклда икки босқичда ўтказилди.
Президент томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3-ташаббуси доирасида Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган, шунингдек, уларни ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида республика бўйича 107 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter