Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Январда қайноқ кўк сомса. Йўловчиларни сийлаётган маскандан «иштаҳаочар репортаж» (фото)

Январда қайноқ кўк сомса. Йўловчиларни сийлаётган маскандан «иштаҳаочар репортаж» (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Одатда кўк сомсани баҳорда севиб истеъмол қиламиз. Чунки айнан илик узилди чоғида кўк сомса танга қувват бағишлайди, деб ўйлаймиз. Аммо қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларидек Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри, Оҳангарон туманига кетаверишда йўл четида қатор тандирларга кўзингиз тушади.

Сомсапазлар йиллар давомида кўк сомса билан йўловчиларни сийлаётган бўлса, кўпчилиги эндигина ҳадисини олган. Лекин карвон кўп — ризқи бўлак. Ҳар бир  сомсапазнинг ўз мижози бор. Бир-бирини такрорламайдиган таъм, ўхшаш, лекин яна бошқачароқ. Қайси тандирнинг олдига тўхтаманг, албатта сомсачиларнинг қўли қўлига тегмаётганининг гувоҳи бўласиз.

— Яқинда қўшним билан тандир қуриб ишни бошладик. Ҳар ҳолда уйда бекор ўтиргандан кўра далада, одамлар орасида иш билан машғул бўлган яхшироқ, деҳқончилик қилардик, сув муаммога айланди, — дейди Сайёра опа. — Умримиз далада ўтгани боис, бизга бу ишлар қийинчилик туғдирмайди.

— Кўкни қаердан оласизлар, январ ойида, деб сўраймиз.

— Кўкатни иссиқхоналардан оламиз. Исмалоқ. Килоси 4 минг, қопи 115 минг. Бир қопи икки кунлик сомсага етади. Ундан ташқари ун, ёғ...

— Хамири жуда юмшоқ...

— Хамирига озроқ хамиртуруш соламан.  Оддий тузли сувга қилинган хамир. Мана шу 15 килолик тоғорада хамир қиламан. Агар мижозлар кўпайиб кетса, шу ернинг ўзидаям хамир қиламиз. Анави хонамизда, — дейди Сайёра опа оқ елим билан ўралган «хонага» ишора қилиб. — Иккита ишчимиз хамир ёймоқда... Мана бу ёрдам бераётган қизалоқ эса неварам. Қизим 25 ёшида касалликдан вафот этди.

Биз хамир ёйилаётган  ва ичига кўкатлар солиб букиш жараёнини кузатамиз. Жуда ҳарир қилиб ёйилган хамирли сомса, тандирга кириши билан бир дақиқа ўтмаёқ пишиб чиқади.

— Тандирни неча марта оқартирасиз?

— 5-6 марта оқартираман. Бир оқартирган тандиримда 40 тагача сомса ёпаман. 200 тагача сомса сотамиз. Масаллиқларга кетадиган харажатларни чиқариб ташласак, бир кунда 700-800 минг соф даромад оламиз. Уни тенг тақсимлаймиз.

— Лекин чойимиз, қўшиб ейиладиган аччиқ «кетчуп»имиз текин. Бировлар мана бу учоқда қайнаган чойни яна бировлар самоварнинг чойини хоҳлайди. Мижозларнинг талабига қараб дамлаб бераверамиз — дейди, чой қайнатаётган амаки.

Яна бошқа бир сомсачиларни олдига борамиз. Улар кўкни 2 мингдан олаётганини айтади.

— «Янги ҳаёт» маҳалласида яшайман, — дейди Шаҳноза. — Биз исмалоқни 2000 мингдан сотиб оламиз. Яъни, қопи 85 минг. Аввал бошқаларга ёрдамчи эдим. Кейин  ўзимиз ҳамма қатори иш бошлашга қарор қилдик. Чиққанимизга 4 кун бўлди. Мана тандиримизнинг сувоғи ҳали қуригани йўқ.

— Кўк сомсани фақат баҳорда ейиш мумкин, деб ўйларканман.

— Ҳозир январ ойи ҳам баҳордан қолишмаяпти. Агар об-ҳаво шунақа яхши бўлмаса, ёғингарчилик бўлиб турса биз сомса ёполмаймиз.

— Бир кунда қанча даромад оласизлар.

— Икки киши ўртада бошлаганмиз. Бир кунда  800-900 минг сўм атрофида даромад оламиз.

— Ўтин мумаммо эмасми?

— Дадам қуриган дарахтларни, шох-шаббаларни қирқиб ўтин тайёрлаб қўяди. Умуман олганда иш осондай кўринади. Аммо ўтинни бошқа киши тайёрлаши, чойни яна кимдир қайнатиши, яна кимдир хамир ёйиши, яна кимдир келган мижозларга хизмат кўрсатиши керак. Келган одамлар тандирдан шундоқ узиб беришингизни истайди. Унинг завқи ҳам шундада. Шунинг учун тандирга бирданига 40-50 та сомсани ёпиб ташламаймиз. Масалан икки мижоз келдими, ўшанга лойиғини пишириб бераверамиз.

Дарвоқе, Шаҳноза айтганидек, тандирдан эндигина узилган сомсаларни қисирлатиб ейишнинг гашти ўзгача экан.

Эрталабдан кечгача бир неча бор тандирга кириб чиқиш, тик оёқда туриб ишлаш оғир эмасми, деган гапимга Шаҳноза мийиғида кулиб: «Йўқ, ишлаб ўрганиб кетганмиз, орада шеригим билан алмашамиз», дейди...

Қишнинг ўртаси, январь — кенг дала. Оддий қишлоқ одамлари, самимий тандирда сомсаси куйиб кетганига қарамай саволларингизга бажонидил жавоб бераётган аёллар, қора қумғонда қўлбола ўчоқда қайнаётган чой...

Буларнинг барчасининг ўзига яраша гашти бор. Шундай гаштки хотира сандиғингизнинг энг тўрига жойлашади. Ҳар сафар кўк сомсани эслаганингизда тандир ҳовурига қизарган юзлар, оловга қайнаган ўзгача таъмли чой, чирсиллаб ёнаётган ўтин, мижозларга истаганидай хизмат кўрсатаётган қишнинг ўртаси бўлишига қарамай тандиридек иссиқ тафтли одамлар кўз олдингизга келаверади... Қалбингизга баҳор кириб келаётгандек, баҳор эшик қоқаётгандек бўлаверади.

Муаллиф: Барно Султонова
Фото: Акмал Қудратов, Жасур Жўраев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг