Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна қанча қурбон керак?

Яна қанча қурбон керак?

Фото: Қозоғистон ФВВ

Қозоғистоннинг Оқтўба вилояти Ирғиз туманида рўй берган фожиа юртдошларимизни ларзага солди. Буни таҳририятимизнинг электрон почтасига келаётган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиздаги мавзуга доир хабарларда ёзиб қолдирилаётган изоҳлардан ҳам билиш мумкин. «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари Давлатназар Рўзметов бу ҳақдаги мулоҳазаларини қоғозга тушириб, уни ўқувчиларимиз ҳукмига ҳавола этишимизни илтимос қилган. Қуйида ушбу мақолани ўқишингиз мумкин.


Ёзайми, ёзмайми деб кўп ўйландим. Кейинги пайтларда айрим таниш-билишлар орасида «теварак-атрофга боққанингда қора кўзойнаксиз қарашни ҳам ўрганиш керак» дегувчилар топилди. Шу боис бундан буён фақат ҳамду санолардан иборат нарсалар ёзсаммикан деган хаёлга ҳам бордим. Аммо 52 нафар ватандошимнинг жумбоқларга тўла фожиали ўлими мени кўпчилик қатори чуқур қайғуга солгани ушбуни ёзишимга туртки бўлди.

Мен мусофирчиликнинг нонини еб кўрганман. Ўша томонлардан, минг афсуски, ўз акамнинг тобутини олиб келишимга тўғри келган. Икки ҳамюртимнинг тобути ватанга юборилишида иштирок этиш пешонамга ёзилган экан. Шу боис мусофирчиликнинг нони қандай қаттиқлигини, ўзга юртларда мардикорчилик қилишга мажбур бўлганларнинг аҳволини жуда яхши биламан.

Шу кунга қадар Ўзбекистондан неча киши ўзга юртларга пул топиш илинжида кетиб тобутда қайтгани ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо шундай тобут келмаган биронта маҳаллани топиб бўлмаса керак. Менимча, Афғонистондаги уруш чоғида ҳам халқимиз бунчалик кўп қурбон бермаган.

Ачинарлиси шундаки, ўзга юртлардан эри, акаси, отасининг жасади келган юртдошларимиз барибир тирикчилик учун яна бегона юртларга кетишга мажбур бўлмоқда. Халқимизда «кўр ҳассасини бир марта йўқотади» деган гап бор, аммо жигаридан айрилган юртдошларимизнинг яна нега хорижга мардикорчиликка кетишдан бошқа иложи йўқлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Ўз ватанининг пойтахтида мардикорчилик қилишнинг азоби ўзга юртлардагидан ўн чандон ортиқ бўлса, Тошкентга иш излаб келган вилоятликлар иккинчи сорт одамга айланиб қолса, аламидан ўзга юртга кетишдан ўзга чораси бўлмаса, нима қилсин бу бечоралар?

Яқин-яқингача муҳожирликдаги мардикорларнинг муаммолари юртимизда энг беэътибор ва ўта ёпиқ масалалардан бири эди. Ҳолбуки, ўша даврда ҳам ватанининг расмий ҳимоясидан мосуво бўлсалар-да, ўз юртига жарақ-жарақ долларларни олиб келиб, республикамизнинг иқтисодий юксалишига ҳисса қўшишдан чарчамадилар. 2011 — 2016-йилларда фақатгина Россиядаги меҳнат муҳожирлари 28 милларддан ортиқ АҚШ долларини банклар орқали Ўзбекистонга жўнатиб, иқтисодиётимизга нақадар катта ҳисса қўшганини тан олиш лозим. Шу боис ҳам кейинги пайтларда президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек хорижга ишга кетаётганлар сонини камайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги ўзгаришларни халқимиз бугун ҳис қилиши лозимлиги тўғрисида давлат бошлиғининг кўрсатмаси бўлишига қарамасдан маҳаллий раҳбарлар замон билан ҳамнафас бўлолмаётгани оқибатида мана шундай фожиалар содир бўлаётгани учун амалдорларнинг виждони қийналмасмикан?

Бир ҳоким мактаб директорларини калтакласа, яна биттаси муаллимларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратласа, учинчи бир ҳоким давлат маслаҳатчи олдида ёлғон ваъдалар бериб, халқни алдаса, буларнинг бари президент сиёсатини атайин саботаж қилиш эмасми?

Катта умидлар билан ташкил этилган Ёшлар иттифоқи керак-нокерак тадбирларини сал камайтириб, ёшларнинг бандлигига, ёш тадбиркорларни фақат қоғозда эмас, амалда қўллаб-қувватлашга кўпроқ эътибор қаратганда ҳалок бўлган жигарларимиз қаҳратон қиш тугамай тирикчилик илинжида ўзга юртга мардикорчиликка йўл олмасди-ку?

Маҳалла фаоллари ўз ҳудудидаги ҳар бир оиланинг аҳволини ўрганиб, муҳтожларга ёрдам бериш масаласини масъул раҳбарлар олдига кўндаланг қўйганларида бу йигитлар ҳозир ота-онасининг, бола-чақасининг олдида ўтирган бўлмасмиди? Маҳалла раисларининг кўпчилиги ўз вазифасига ўта совуққонлик билан қараётгани, тўй-ҳашамларда «улуш» олишдан бўшамаётгани ҳам, афсуски, бор гап!

Россия йўналишидаги поездларга чиқиб кўрганингизда эди, нима учун бу одамлар тинчгина поездда кетишдан қозоқларнинг шалдироқ автобусида манзилига етишни афзал кўришини билардингиз. Йўқ, автобусда йўл ҳақининг арзонлиги асосий сабаб эмас. Поездга фалон пулга билет олиб чиққанингиздан проводниклар ёнингизга келиб, «тинч кетишни истасангиз, ака, фалон рублдан берасиз, акс ҳолда қозоқнинг мелисасига жавоб беролмайман» дея очиқчасига талончилик қилишларидан безганлар одатда шалдироқ автобус ёки енгил машинани танлайди.

Ватанимиз ўзининг яна 52 паҳлавонидан айрилди. Фарзандидан айрилган оналарнинг, бева қолган сингилларимизнинг фарёди оламни босди. Вояга етиб энди суянчиқ бўлган ўғилларидан жудо бўлган оталарнинг бир кечада сочлари оқариб, бели букилди. «Отам қачон келади?» дея савол бераётган болажонларга ким нима деб жавоб беради?

«Умр — оқар дарё» дейдилар, вақт ўтиб сал ўзига келиб олган она, ота, бева аёл, ўғил, ака ёки ука оилам, бола-чақам деб тирикчилик илинжида яна хорижга мардикорчиликка отланаверади. Улар шундай қилишга мажбур! Лекин уларнинг айби нима? Жаноб ҳокимлар, катта-кичик амалдорлар, бутун республикадаги аҳволни яхшилашга президентнинг бир ўзининг ҳеч қачон қурби етмайди! Президент сизларга ишониб мансаб бериб қўйибди! Халқ сизга маош тўлаб, бола-чақангизни бекаму-кўст боқиш имконини бериб қўйибди! Агар салгина виждонингиз бўлса, ўз вазифангизга масъулият билан ёндашинг. Ишонаверинг, жойларда президентимизнинг фармону қарорлари, давлатимизнинг қонунлари, ҳукуматимизнинг дастурлари ижроси ҳеч бўлмаса 70 фоиз таъминланса ҳам фарзандларимиз ўзга юртларда дарбадар бўлиб юрмайди! Оналар фарзанд доғида куймайди! Қизларимиз бева қолмайди! Болаларимиз етим бўлмайди!

Кўзингизни очинг, амалдорлар, шунча бегуноҳларнинг ўлими мудраган кўзларингизнинг очилиши учун етмайдими?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг