Консуллик орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби эълон қилинди
Ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» ги қарори лойиҳаси муҳокамага жойлаштирилди.
Низомга кўра, ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш ва сертификатларини олиш учун хорижда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда хорижий жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасасига бевосита мурожаат қилиши керак.
Маълум қилинишича, ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш ва сертификатларини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли (консуллик мансабдор шахс томонидан нусха олинади ва асли талабгорга қайтариб берилади);
- юридик шахснинг тўлиқ номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) қайд қилинган юридик шахснинг хати (нотариал тасдиқланган ҳолда) - юридик шахслар учун;
- белгиланган миқдорда консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим тўлаганлиги тўғрисида квитанция.
- Агар ЭРИ ёпиқ калити эгаси юридик шахснинг вакили (юридик шахснинг раҳбари бундан мустасно) бўлса, сўровномага ЭРИ ёпиқ калити эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳамда ушбу ЭРИ ёпиқ калити эгасига ЭРИ калитларини ва ЭРИ калитининг сертификатини бериш тўғрисида юридик шахснинг хати (нотариал тасдиқланган ишончнома) илова қилинади.
Қайд этилишича, талабгордан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter