Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хўжакўрсинлик. Виртуал қабулхонага мурожаат қилган беморга носоз ва яроқсиз ногиронлик аравачаси берилди

Хўжакўрсинлик. Виртуал қабулхонага мурожаат қилган беморга носоз ва яроқсиз ногиронлик аравачаси берилди

Фото: «Xabar.uz»

Шаҳар ичидаги  чакалак

Таҳририятга телефон орқали мурожаат этган Махфират Қўлдошеванинг хонадонига қараб йўл олдик. Ўтган йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. Мурожаат эса март ойида Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан носоз ва яроқсиз ногиронлик аравачаси бериш орқали, тўғрироғи, хўжакўрсинга қаноатлантирилган.

Ушбу юзасидан фуқаро яшаётган манзил — Бухоро шаҳридаги «Разани» кўчасига кириб бордик. Афсуски, ўзимизни худди шаҳар ичидаги харобаю чакалакда юргандек ҳис қилдик.

Уй-жойлар пала-партиш, ўрин-ноўрин қуриб ташланган. Ҳудуддаги нохуш манзара ниҳоятда аянчли ва кишини изтиробга соладиган даражада. Кўчабошигача ўрлаб кетган тикану янтоқлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Бу ерда 6300 нафар аҳоли истиқомат қилар экан. Уларга муносиб шарт-шароит яратиш, шаҳарсозлик талабига кўра уй-жойлар тиклаш, ҳудудни обдон тозалаб, обод қилиш фурсати аллақачон етган.

«Ижтимоий ҳимоя»га муҳтож аравача

— 1995 йилда туғилган ўғлим Достон Қўлдошев биринчи гуруҳ ногирони. Узоқ пайт елиб-югуришларим ортидан Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмага қарашли тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан ногиронлик аравачаси беришди. Бироқ, ундан, деярли, фойдалана олмадик. Чунки аравача яроқсиз ва таъмирга муҳтож эди. Қайтага, боламнинг йиқилиб, жароҳат олгани қолди, холос, — дейди фаррошлик ортидан кун кўраётган Махфират Қўлдошева.

Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмага қарашли тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан шу ногиронлик аравачаси берилган.

«Болалар бош мия фалажи, диалегик шакли, бош мия ярим шари ёнбош энса соҳаси ўсмаси, кучли ифодаланган спастик тетрапарез, сенсаматор афазея, чаноқ аъзолари фалажи»  ташхиси билан Бухоро шаҳридаги 6-сонли поликлиника диспансери назоратида туриб даволанаётган беморга берилган аравачанинг ўзи «ижтимоий ҳимоя»га муҳтожлигидан кўксингизда оғриқ санчади.

— Нима бўлганда ҳам умумий амалиёт шифокори Бахтиёржон Муртазоев, деярли, ҳар куни хабар олади, дори-дармонлари билан муолажа қилади, шунисигаям шукур, болам дарди енгилроқ бўлса бас, — дейди онаизор умид билан.

Муаммо жойида бартараф этилди

Биз биринчи гуруҳ ногирони Достон Қўлдошев учун берилган ногиронлик аравачаси билан боғлиқ масалани белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилиши юзасидан ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий ва маърифий ишлар бўйича Бухоро вилояти ҳокими ўринбосарига ташаббус билан чиқдик. Масала шу куннинг ўзидаёқ бартараф этилди.

Ниҳоят, янги ногиронлик аравачаси берилди.

Худди шу куни Достон Қўлдошевдан ташқари, узоқ йиллардан буён хасталаниб ётган Насрулло Шойиқулов мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади. Унга ҳам ногиронлик аравачаси топширилди.

Дастур ижро билан кучли

«Разани»ликларни қийнаётган бошқа масалалар ҳам  мутасадди ташкилот раҳбарлари эътиборидан четда қолмайди, деб ўйлаймиз. Зеро, одамларни тинглаш — шафоат эканлигини асло унутмайлик!

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг