«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди
Ҳукумат қарори билан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди.
Қарорга кўра, кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва ОАВ вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатлар тегишли тартибда кўриб чиқилади.
Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг (Қўмита) кўкрак нишони билан тақдирлашга оид тақдимномаларни кўриб чиқиш бўйича комиссияси ташкил этилади.
Комиссия томонидан ҳар йили 1 июлга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
Шунингдек, Қўмита раиси ўз ташаббусига асосан хорижлик ҳамкорлари, чет элдаги турдош ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакилларини миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.
Кўкрак нишони ҳар йили 30 июль – Халқлар дўстлиги куни арафасида тантанали вазиятда топширилади.
Тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари (980 минг сўм) миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter