Уй деса уй эмас, чайла деса чайла... Инсон эса фарзандлари билан яшамоқда
Инсоният бор экан, кимдир бадавлат, яна кимдир камтарона умр кечиради. Аммо шундай инсонлар ҳам борки, уларнинг ҳаёти турли сабабларга кўра камтарона деган тушунчани ҳам ортда қолдириб, фақирлик сари юз тутади ва атрофдагиларнинг кўмагига муҳтож бўлиб қолади. «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали юртимизнинг турли бурчакларида яшовчи кам таъминланган, саховатли инсонларнинг ёрдамини умид билан кутаётган ватандошларимиз ҳақида лавҳалар тайёрлашда давом этади.
Наманган шаҳрига қилган сафаримиз давомида Мингтерак фуқаролар йиғини Саховат кўчаси 34-уйда истиқомат қилувчи Гавҳар Раҳимова хонадонида бўлдик ва таъбир жоиз бўлса, ҳайратда қолдик. Аввало мана шу қурилма (уй деса уйга ўхшамайди, чайла деса чайлага) ўзининг аниқ манзили, кадастр ҳужжатларига эгалиги, бир оила шу манзилда рўйхатда тургани жуда қизиқ.
Бу манзилда 47 ёшли ёлғиз аёл Гавҳар Раҳимова ўзининг уч фарзанди билан истиқомат қилиб келмоқда. Ўзбек миллатига хос ориятни Гавҳар опа ўзига ҳам, фарзандларига ҳам сингдирган. Чунки ҳар қанча сўрамайлик, фарзандлари суратга туширишимизга ва бу мавзуни кўтаришимизга рози бўлишмади. Айниқса, ўсмир қизи кўзига ёш олиб ўзини олиб қочди. Шундан сўнг бу оила аъзоларининг суратлари ва видеолавҳасидан воз кечиб, фақат уй-жойнинг ўзи билан чекланишга қарор қилдик. Зеро, саховатли ҳамюртларимиз учун шу манзаранинг ўзи кифоя.
Албатта, маҳалла, шаҳар маъмурияти, сектор раҳбарияти ҳам бу оила ҳолидан хабардорлар ва алоҳида назоратга олишган. Уларнинг саъй-ҳаракати билан ҳовли томонида чоғроққина уйнинг пойдевори қўйилган. Маълум сабабларга кўра тўхтаб қолган иш яна давом эттирилиши мўлжалланган.
Аммо арғамчига қил қувват дейдилар. Мана шундай уйнинг ичида, на поли, на бир бўйраси бўлган шароитда қуруқ ерга шолча солиб қишлаб чиққан, очилса йиқилиб тушадигандек эшикдан кирган совуқда болаларини қаноти остига олиб яшаётган бу аёлга, ўсиб-унаётган ва табиийки, эҳтиёжлари ошаётган фарзандларга ҳар қандай кўмак ортиқчалик қилмайди.
Шундай экан, хайрни насия қилмайлик, азизлар. Турмуш ташвишлари қаддини эгиб қўйган ва ёшига ёш қўшиб юборгандек туюладиган опамизга ёрдам беришнинг айни вақти!
Моддий ёрдам беришни истаганлар қуйидаги пластик картага атаган маблағларини ўтказишлари мумкин: 8600 0904 9872 7500
Пластик карта маҳалла фаолларидан бирига, холис инсонга тегишли.
Фақат сиздан кичик илтимос — ўтказилган маблағлар ҳисоботи учун ўтказган маблағингиз миқдорини +998909931346 рақамига телеграмм ёки SMS орқали юборинг.
Аллоҳ ҳар биримизни саховатга қодир қилсин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter