Урушга лаънат бўлсин!
Айзаде исмли қўшнимиз бор. Ўзбекчасига Ойзода. Отаси жиззахлик, онаси эса турк. Опа отасига тортган чоғи, қош-кўзларидан ўзбекка ўхшаб туради.
Опа билан кеча дўконда учрашиб қолдик, миллатдоши бўлганимиз учунми, яна отаси ҳақида гапиргиси келиб, ўн дақиқача суҳбатлашиб қолдик. Қон тортиб турса керак-да, кўча-кўйда кўришиб қолсак нуқул гаплашгиси келади, бизни ўзига яқин олади.
Кеча Ойзода опа гапираяпти-ю, ич-ичимдан урушни лаънатлаяпман. Чунки айнан уруш туфайли отаси Жўмард ака бир умр ватандан, хеш-ақраболаридан айро яшади. Ким билади ичидан нималар ўтган, қандай изтиробларни бошидан ўтказган, ватан соғинчини қандай енгган?
Ойзода опанинг отаси Иккинчи жаҳон уруши пайти немисларга асирга тушиб қолган экан. Асирликдан қандай озод бўлганини билмайман, лекин у ва дўстлари Совет иттифоқига қайтишни исташмаган, чунки бунинг оқибати яхши бўлмаслигини билишган. Жўмард ака Туркиянинг Измир шаҳрига, бир неча дўстлари Маниса шаҳрига келган. Шу ерда уй-жой қилиб, уйланиб, бола-чақали бўлишган. Раҳматли Жўмард ака уйига хат ёзиб, тириклигини маълум қилган. Ўғлини ўлдига чиқариб, аза тутиб ўтирган оила учун бу қанчалик катта хурсандчилик бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас. Аммо кўп хат ёзишмабди, чунки Жўмард ака оиласига зарар етишини истамаган, оиласи эса қўрққан.
Уруш туфайли Жўмард акага ўхшаб оиласидан айро тушганлар қанчадан-қанча...
Талабалар ётоқхонасида бир муддат суриялик Аҳмаднур исмли йигит билан битта хонада яшаганман. Оиласи, рафиқаси ва янги туғилган ўғли Сурияда қолган эди. Аҳмаднур уларни ўйлаб кечаси билан ухламай чиқарди, эрталаб иккала кўзи ҳам қип-қизил. Улар билан гаплаша олмаса, ўша куни ўзини қўйгани жой тополмасди. Ҳали ўзи бирор марта қўлига олмаган ўғлининг расмини ҳаммамизга кўрсатиб чиқарди. Ҳар сафар Аҳмаднурнинг сиқилганини кўрганимда тинчлик қанчалик улуғ неъмат эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилардим.
Бу ерга оиламни олиб келгач, уйга кўчиб чиқдим. Бир куни рўпарамиздаги уйнинг иккинчи қаватига суриялик оила кўчиб келди. Рўпарамизда бўлгани учун шундоққина кўриниб турибди: уйга қандайдир матолар парда қилиб осиб қўйилган, пол эса қуп-қуруқ! Ёшгина бир аёлнинг қўлида гўдаги бор. Кечаси қандай ухлади, билмаймиз. Эртаси куни уйимиздаги кўрпачаларни олиб чиқиб бердим. Бир нималар деб далда бергим келди, лекин улар туркчани билмайди, мен эса арабчани.
Ўша куни ҳам урушга лаънат айтган эдим...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter