Умумий овқатланиш корхоналари баланд солиқлардан азият чекмоқда — вазирлик
Адлия вазирлиги умумий овқатланиш соҳасига оид бир қатор муаммоларни аниқлади.
Муаммолар вазирлик томонидан 2100 та саноат корхоналари вакиллари ўртасида ўтказилган сўровлар регламенти ва амалиётини ўрганиш натижалари асосида аниқланди.
Биринчидан, соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ва қоидалар эскирган, бизнес юритиш амалиётига мос келмайди. Масалан, ресторан тозалаш, таъмирлаш ва шу кабилар ишлар учун ёпилишидан бир ҳафта олдин бу ҳақда эълонни осиб қўйиши керак. Буни бажармаса 2 млн сўм жаримага тортилади.
Иккинчидан, солиқ юкининг юқорилиги умумий овқатланиш корхоналарининг 61 фоизини солиқдан қочишга ундамоқда.
Шунингдек, кўп солиқлар тўлаш ўз-ўзидан улар билан боғлиқ солиқ маъмуриятчилигини ҳам мураккаблаштирмоқда: корхона 6 хил вақтда солиқларни тўлаши ва 5 хил вақтда солиқ ҳисоботларини тақдим этиши лозим. Шу сабабли, умумий овқатланиш хизматлари фаолиятини бошлашда респондентларнинг деярли 1/3 қисми солиқ қонунчилигини тушуниб олишда қийналишган.
Мазкур омиллар эса, ўз навбатида соҳадаги яширин иқтисодиётнинг улуши юқори (30-40 фоиз) бўлишига олиб келмоқда.
Учинчидан, текшириш ўтказиш ҳолатлари жуда кўп. Умумий овқатланиш корхоналарини 10 дан ортиқ давлат идоралари (солиқ, ёнғин назорати, санитария назорати, меҳнат, ички ишлар органлари, коммунал хизматларни кўрсатувчи корхоналар ва б.) доимий безовта қилади.
Уларни энг кўп текширувчи 3 та идоралар (солиқ, ёнғин назорати, санитария назорати) томонидан 2020-2021 йилларда 8 мингга яқин текшириш ўтказилган. Яъни, ҳар йили ўртача 14,5 фоиз умумий овқатланиш корхоналари текширилган.
Тўртинчидан, текширишлардаги коррупция ҳолатлари.
Масалан, респондентларнинг 26,4 фоизи (905 нафар) солиқ, 20,3 фоизи (697 нафар) санитария ва 11,3 фоизи (387 нафар) ёнғин назорати органларида коррупция ҳолатларига дуч келишганини, шунингдек, коррупциянинг энг кўп тарқалган тури давлат органлари ходимларига бепул хизмат кўрсатиш эканлигини таъкидлашган.
Бешинчидан, инфратузилма объектларига уланиш ва уларда бўладиган узилишлар. 63,4 фоиз умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини бошлашда инфратузилма объектлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган.
Таъминотдаги узилишлар ҳам улар учун одатий ҳол бўлиб қолмоқда. Жумладан, респондентларнинг 36,3 фоизи (766 нафари) сув таъминотида, 35,2 фоизи (742 нафари) газ таъминотида, 28,5 фоизи (602 нафари) электр таъминотида қийинчиликларга йўлиқишмоқда.
Олтинчидан, ишчиларни норасмий ёллаш. Одатда, ресторан, кафе ва ошхоналарда ошпаз, официант, фаррош каби ишчиларни меҳнат шартномаси тузмасдан оғзаки келишув билан ишга олади.
«Сўровда иштирок этган корхоналар ўз ишчиларига ойига ўртача 1,8 млн сўм иш ҳақи тўлаб келаётганлигини инобатга олсак, улардаги норасмий бандлик туфайли давлат бюджетига 1,6 трлн сўмлик (ижтимоий ва даромад солиқлари) қўшимча пул тушмасдан қолган дейиш мумкин»— дейилади вазирлик ўрганишида.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга тақдим этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter