Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркияда ўқиётган ўзбек талабаси: «Аксарият турк ёшлари келажакда хориж мамлакатларига кетишни хоҳламайди....»

Туркияда ўқиётган ўзбек талабаси: «Аксарият турк ёшлари келажакда хориж мамлакатларига кетишни хоҳламайди....»

Фото:«Xabar.uz»

Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қаерда бўлмасин Ўзбекистон тақдирига бефарқ яшай олмайди. Хусусан, бугун чет элда таҳсил олаётган, илмий изланишлар қилаётган, умуман хорижда бўлсада юртимиздаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан яшаб келётган ватандошларимиз кўплаб топилади.

«Xabar.uz интернет таҳририяти дунёнинг турли нуқталаридаги ана шундай ҳамюртларимиз билан яқиндан алоқа ўрнатиш, уларнинг ибратли фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида «Хориждаги ватандошлар» лойиҳасини амалга оширади.

Лойиҳамизнинг илк меҳмони Туркия Республикасидаги Улудағ университетининг бакалавр босқичида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Абдуллатиф Адҳамов бўлди.

М.: Абдуллатиф келинг сиз билан яқиндан танишиб олсак?

А.А.: 1997 йил Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилганман. Туркияга келганимга деярли уч йил бўлди. Икки йил аввал Туркиянинг Измир шаҳридаги Эге университетида хорижлик талабаларга мўлжалланган ТОМEР турк тили курсини ўқидим. Кейин университет синовларини топшириб Бурса шаҳридаги Улудағ университетига қабул қилиндим. Ҳазирда Социология йўналишида таҳсил оляпман.

М.: Нима учун бакалаврни Туркияда ва айнан социология йўналишида олишга қарор қилдингиз?

А.А.: Кузатишни ва кузатишларим жараёнида эса таққослашни ёқтираман. Социология эса айнан мана шу жиҳатларни ўзида мужассамлаштирган.

Масалан, қаерда тортишаётган одамларни кўрманг, ҳаммаси ўзи учун ҳақ. Ўртада адолат ўрнатиб бера олмайсиз. Боиси, иккисини тингласангиз ҳам тарафлар ҳақдек кўринаверади. Бир амаллаб айбдорни топиб берсангиз, тўртинчи одам сизнинг адолатсизлик қилаётганингиздан нолиб қолади... Шундай вақтда орага социология киради. Тўғри, социология мукаммал фан эмас. Лекин мавжуд муаммоларга маълум маънода ечим бера олади. Шунинг учун ҳам бу фанни ёқтириб қолганман.

Афсуски Ўзбекистонда Социология йўналишига ўз вақтида жиддий эътибор қилинмади. Шу сабаб ҳам Туркияга келдим ва Бурсада таҳсил оляпман.

Жорий йилдан бошлаб юртимизда ҳам ушбу йўналишга эътибор кучая бошлади. Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги «Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинганидан бағоятда қувондим. Ўйлайманки юртимизда ҳам мазкур йўналиш тараққий этади.

М.: Социологиянинг дунёдаги аҳамияти, шунингдек Ўзбекистон учун ушбу йўналиш қай даражада муҳим деб ўйлайсиз?

А.А.: Социология жиноятчилик, ҳуқуқ, таълим, шаҳар ҳаёти, иқтисод каби кўплаб миллий ва маҳаллий масалалар билан биргаликда, дунёдаги аҳоли сонининг кескин кўпайиши, миграция, уруш ёки тинчлик ва очарчиликлардек глобал масалаларни ўрганади ва тадқиқот олиб боради. Ривожланган ёки ривожланмоқчи бўлган мамлакатлар бу фанга жиддий эътибор бериб келган. Бугунги кунда Ғарб мамлакатлари жамиятнинг фикрини ва хоҳиш истагини мунтазам билиб бориш учун социологик институтларга миллионлаб доллар сарфламоқда.

Социология соҳасида ўқиган мутахассислар ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятларда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини илгари суришда ҳам катта хизмат қилишлари мумкин. Шу билан биргаликда малакали социологлар ички муаммоларни ва йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликларни олдиндан тахмин қилишлари ва буни ўз вақтида бартараф этишга ёрдам бера олишади.

М.: Маълумки, Туркия дунёнинг ривожланган давлатларидан бири. Кузатишларингиз натижасида мамлакатдаги солиқ сиёсати ҳақида нималар дея оласиз?

А.А.: Туркияга ўхшаган табиий бойликлари чекланган мамлакатлар асосан савдо-сотиқ, солиқлар ёки туризм ҳисобидан яшайди ва ривожланади. Туркияда билишим бўйича четдан келган ва мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган барча маҳсулотлар имтиёзсиз ҳолда, фарқли равишда турли солиқларга тортилади. Туркияда монопол компаниялар йўқ, барча тенг солиқ тўловчи ҳисобланади. Шунинг ҳисобига ўрта ва қуйи қатлам вакиллари тадбиркорлик ёки ишлаб чиқариш билан қўрқмасдан бозор рақобати асосида шуғулланади. Бу эса солиқ тўловчиларнинг сафини кенгайтириб, Туркияни иқтисодий томондан ривожланишига ёрдам бермоқда.

Шунингдек, бу ерда солиқ турлари жуда ҳам кўп. Лекин шахсан мен учун энг ғалати солиқ тури хайрия ёки эҳсон пулларидан ҳам солиқ олиниши бўлди. Ўйлашимча бундай солиқ тури ҳар бир ўзбекистонлик менталитетидан келиб чиқиб барибир эриш туйиладиган ҳолат.

Эътиборлиси Туркияда барча солиқ турлари электрон тарзда турли қоғозбозликлардан ҳоли амалга оширилади. Бу эса иш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда турли тушунмовчиликлар ҳамда коррупцияни олдини олмоқда, деб ҳисоблайман.

М.: Туркиялик ёшлар, хусусан уларнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида нималар дея оласиз?

А.А.: Туркияга келиб эътиборимни тортган жиҳат, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясида куч ишлатишдан тийилиши бўлди. Тергаш, бирор нарсани таъқиқлаш мавжуд албатта. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам фарзандига қўл кўтаришда босиқликка интилишади. Чунки болага қарши куч ишлатиш унинг руҳияти ва психологиясини синдиришини ота-оналар яхши англашади. Катталар болаларга ёшлигидан қулоқ солишади ва фикрлари билан қизиқишади. Бу эса ёшларни ўз фикрини эркин айтишлари, тезроқ улғайиб жамиятнинг бир бўлаги бўлишларига ёрдам бермоқда, деб ўйлайман.

Яна бир ўзига хос жиҳат, аксарият турк ёшлари келажакда хориж мамлакатларига кетишни хоҳламайди. Кўп ҳолларда ўзларининг мамлакатида яшашни афзал кўришади.

Аммо бу ерда ёшлар эрта ва меъёрдан ортиқ тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишади. Қолаверса ёши катталарга жамоат транспортида камдан кам ҳоллардагина жой берадилар.

М.: Келгусидаги мақсадларингиз қандай?

А.А.: Германия дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири. Айнан магистратурани Германияда ўқиш мақсадида немис тилини ўрганмоқдаман. Албатта келгусида хорижда орттирган тажрибаларимни мамлакатимизга қайтиб юртимиз ривожига сарфлайман.

Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг