Туман газеталари нега керак?
Очиғи, шу саволга бирор жўяли жавоб топишни истайман. Кимдадир ана шундай жавоб бўлса, илтимос, баҳамлашсин.
Шахсан мен учун туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталар матбуотга советча ёндашувнинг ёрқин мисолидан бошқа нарса эмас. Кўпгинасининг номидан ҳалиям совет даврининг нафаси келиб туради:
«… тонги»
«… байроғи»
«… садоси»
«… ҳақиқати»
«… ҳаёти».
Шу уч нуқтанинг ўрнига исталган туманнинг номини қўйишингиз мумкин, ҳеч нарса ўзгармайди. Кимдир шу газеталарга ўз ихтиёри билан обуна бўлса, ўша одамга раҳмим келиши аниқ: қаранг-а, ахборот олиш имконияти шунчалик чекланган эканки, азбаройи газета ўқиш учун туман газетасига обуна бўлибди!..
Келинг, дўппини бир четга қўйиб, мундоқ ўйлаб кўрайлик: туман газетасининг вазифаси нима ўзи? Яшанг, тўғри топдингиз — тумандаги воқеа-ҳодисаларни ёритиб бориш. Интернет замонида, қолаверса, маҳаллий телевидениелар ишлаб турар экан, туман газетаси ҳафтада бир марта чиқиши билан янгилик етказа олишига ишониш қийин. Ҳозир интернетнинг дастидан манаман деган марказий газеталарнинг ҳам тиражи тушиб кетяпти, туман газеталарини гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Қолаверса, туманларда бирор муҳим янгилик бўлса, шундоқ ҳам ОАВдан олдин тарқаб кетган бўлади.
Хўп, унда туман газеталари туман ҳаётига оид таҳлилий материаллар тайёрласин дейлик. Баландпарвоз гапларга, мақтовларга тўла мақолалардан фойда йўқ, чунки ОАВда шунчалик кўп мақтов ишлатдикки, бу тахлит гапларга тўйиш тугул бўкиб ҳам қолдик. Унда бошқа бир йўли бор — танқидий мақолалар тайёрлаш. Айтайлик, ҳоким бува ғирт сўконғич, мажлисларда болахонадор қилиб, авра-астарини келтириб сўкишни яхши кўради. Ана энди тасаввур қилиб кўринг: «… садоси газетаси» ҳоким бувани сўкинишлари туфайли уриб чиқди. Бунақаси ҳатто тасаввурга ҳам сиғмаяпти, а? Газетага пулни ҳокимлик бериб турганидан кейин ҳоким бувага тил теккизиб бўларканми? Ана энди мана бу саволга жавоб беринг: туман газетаси ҳокимликнинг тарғибот-ташвиқотидан бошқа нимага яраяпти?.. Бюджет деганлари солиқлар ҳисобидан шаклланади деб ҳисобласак, сиз тўлаган солиқ эвазига туман ҳокимлиги ўзини сизга реклама қиляпти-да.
Эсиз қоғоз, эсиз пул.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter