«Тўйлар ва маросимларни қатъий тартибга солиш вақти келди». Комиссия ўзининг биринчи мажлисини ўтказди
Кеча, 20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатида Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг биринчи мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудларда олиб бориладиган тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда тўйлар ва оилавий маросимларни қатъий тартибга солиш вақти келганлиги алоҳида қайд этилди.
Қўшма қарорнинг ижросини таъминлаш ҳақида сўз юритилар экан, мажлисда аввало «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги низом талабларидан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, тегишли жавобгарликни белгилаш, бу борада зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш лозимлиги айтиб ўтилди. Ушбу Низом талаблари устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳимлиги қайд этилиб, ўрнатилган тартиб бузилиши ҳолатларини маҳаллий Кенгаш сессиясиларига киритиш ва унинг муҳокамасини ташкил қилиб бориш таклиф этилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари иштирокида жамоатчилик назоратини олиб бориш лозимлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, мажлисда оилавий тантана ва маросимларда пуллик автотранспорт хизмати кўрсатиш фаолиятини лицензиялашнинг алоҳида тартибини ишлаб чиқиш, ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг фаолиятини ташкил этиш, фуқаролар йиғини раисларининг бу борадаги фаоллигини ошириш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter