Тошкентдаги иссиқлик таъминоти билан французлар шуғулланади
Молия вазирлигида Франциянинг Veolia Environment компаниясининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича вице-президенти Малика Гендури бошчилигидаги делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтган.
Учрашувда давлат-хусусий шериклик доирасида Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимини бошқарувга топшириш бўйича лойиҳа концепцияси муҳокама қилинган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа шаҳар иссиқлик таъминоти тизимини халқаро техник ва экологик стандартлар даражасида модернизация қилиш ва ривожлантириш, шунингдек, ишлаб чиқарилган ва етказиб берилган энергия манбаларини ҳисобга олиш учун замонавий ахборот тизимларини жорий этишни кўзда тутади.
Учрашув сўнгида Veolia Environment компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ўз ичига олган битим концепциясини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимиятига тақдим этган.
2018 йил 9 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташрифи чоғида президент Эммануэл Макрон билан бу ҳақда келишув имзолаганди.
Veolia Environment — Парижда жойлашган кўп тармоқли компания ҳисобланади. Сув таъминоти, коммунал хизматлар, энергия ва транспорт хизматлари каби фаолият йўналишига ихтисослашган. Компания 160 йилдан ортиқ саноат тажрибасига эга бўлган ресурсларни бошқариш тизимини оптималлаштириш соҳасидаги етакчилардан биридир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter