Тошкент вилоятида «Обод қишлоқ» маблағи талон-торож қилинди
Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ туманидаги «Кушек» қишлоғи «Обод қишлоқ» дастури доирасида олиб борилган ишлар вақтида маблағ талон-тарож қилинган. Бу ҳақда Қуйичирчиқ туман департамент бўлими бошлиғи Мирзоқул Юлдашев хабар бериб ўтди.
2018 йилда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги «Кушек» қишлоғи ҳам «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, ҳудудда комплекс равишда янгилаш ишлари амалга оширилди. Уй-жойлар таъмирланди, ён-атрофи ободонлаштирилди. Ичимлик суви тармоқлари таъмирланди, қишлоқни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Шу жараёнда Тошбой Исмоилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) раҳбарлик қилаётган «Agrotexsanoatxolding Qurilish» масъулияти чекланган жамиятига ҳам ишонч билдирилди.
Мазкур МЧЖ билан туман ободонлаштириш бошқармаси ўртасида шартнома имзоланади. Унга мувофиқ, жамият томонидан қишлоқдаги уйлар атрофи ободонлаштирилиб, декоратив йиғма девор билан ўраш белгиланади. Т.Исмоилов шартнома шартларини бажаришга киришади. У дастлаб 4 миллион 800 минг сўмлик декоратив йиғма девор олиб келиб ўрнатади. Қолган ишлар эса ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Бу орада туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Фарид Абилов МЧЖ раҳбарига бир неча марта қўнғироқ қилиб, қолган ишларни ҳам охирига етказишни талаб қилади. Т.Исмоилов эса ҳисоб рақамида пул йўқлиги, шартномада кўрсатилган пулларни ўтказиб берса, ишни битиришини айтади.
Аслида шартномага мувофиқ, бажарилиши лозим бўлган ишлар охирига етказилгач, кўрсатилган маблағ МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказилиши керак эди. Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Фарид Абилов буни жуда яхши билса-да, Т.Исмоиловнинг найрангига «лаббай» дея жавоб бериб, барча ишлар тўлиқ бажарилгани ҳақида далолатнома тузиб, унга сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, расмийлаштиради. Ишлар бажарилмаганини била туриб, далолатномага имзо чекиб юбораверади. Оқибатда «Обод қишлоқ» дастурига ажратилган маблағлардан 123 миллион 234 минг сўм пул «бажармаган ишлари учун» «Agrotexsanoatxolding Qurilish» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Мақсадига эришган Т.Исмоилов пул келиб тушиши билан уларни ўзлаштириб, талон-торож қилади. Ф.Абилов эса ноқонуний ҳаракати оқибатида «чапак чалиб» қолаверади.
Қинғир ишнинг қийиғи, бир кун албатта ошкор бўлади, деб бежизга айтишмайди. Департаментнинг Қуйичирчиқ туман бўлими томонидан ўтказилган текширишда Т.Исмоилов ҳамда Ф.Абиловнинг қилмишлари фош этилди. Уларга жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судининг ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter