Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2021 йил «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича туб бурилиш йили бўладими?

2021 йил «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича туб бурилиш йили бўладими?

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари Президент фармони билан 2018 йилда қабул қилинган. Уларнинг ижроси ҳам қишлоқ, ҳам шаҳарлар аҳолиси яшаш даражасининг ўсишида ўз самарасини кўрсатмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари мавзу юзасидан қатор маълумотларни эълон қилди. 

Жаҳон банкининг «Ўзбекистон аҳолисини тинглаб» (Listening to citizens of Uzbekistan (L2CU) тадқиқотига кўра, дастурлар ижроси сабаб сўнгги тўрт йилда сув таъминотидаги узилишлар сезиларли пасайган. 2018 йил сентябридан 2020 йилнинг мартига қадар сув таъминотида (умумий водопровод крани, қудуқ, дарё суви, булоқ суви, етказиладиган сув) узилишлар рўй берган уй хўжаликлари сони 6,5 фоизга камайган (11 фоиздан 4,5 фоизга). Ушбу пасайиш шаҳар аҳолиси ҳисобига амалга ошган.

Бундан ташқари аҳолининг электр тармоғига уланиш кўрсаткичлари ҳам яхшиланди. 2010 йилда қишлоқ аҳолиси ўртача бир кунда бир соат давомида электр тармоғидан узилган бўлса, 2020 йилга келиб, узилиш ўртача ярим соатни ташкил этди. Шундай қилиб, сўнгги 2 йилда шаҳар аҳолиси стабил электр таъминоти эга бўлиб қолмоқда, бироқ қишлоқ уй хўжаликлари эълектр таъминоти тиғиз соатларда ёмонлашган.

Аҳолининг уй иситиш таъминоти ҳам сезиларли яхшиланди. 2018 йилда аҳолининг 80 фоизи иситиш тизимига муҳтож бўлган бўлса, 2020 йилга келиб, бу кўрсаткич 40 фоизни ташкил қилмоқда.

Бироқ 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли дастур ижроси вақтинча тўхтатилди. Шу билан бирга Ўзбекистон ҳукуматининг 2020 йилдаги коронавирус инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича инқирозга қарши чора-тадбирлари доирасида қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ва қишлоқларни босқичма-босқич ободонлаштиришга қаратилган чоралар қабул қилинди.

2021 йил «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурларининг ёндашуви ва босқичма-босқич ижросини тубдан ўзгартирган йил бўлади.

2021 йилги Парламентга мурожаатда давлат раҳбари қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш, замонавий агротехннологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалигига инвестицияларни ошириш масалаларига катта эътибор қаратди.

Президент ҳар бир гектардан айни дамда олинаётган ўртача 2 минг доллар даромадни камида 5 минг долларга кўтариш вазифасини қўйди.

Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, рақамлаштириш, ерлар унумдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш учун 2021 йилда 600 млн доллардан зиёд миқдорда халқаро кредитлар ва грантлар жалб қилинди.

Жаҳон банкининг ҳисоботига кўра, 1993-2002 йилларда дунё бўйлаб қишлоқ аҳолиси ўртасида камбағалликни 81 фоизга қисқартиришга қишлоқ ерларида яшаш шароитини яхшилаш орқали эришилган (19 фоиз миграция орқали). Халқаро иқтисодий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки,бошқа секторларга қараганда қишлоқ хўжалиги секторида ЯИМнинг ўсиши камбағал аҳоли қатлами учун кўпроқ афзалликлар тақдим этади ва камбағалликни қисқартириш учун икки баробар самаралироқ ҳисобланади.

2021 йилнинг 2 апрелида президент ПҚ-5048 «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурларини амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида:

- қишлоқларда (маҳаллаларда) амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини ҳамда уларни молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағларни туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларида ҳимоя қилади;

- ҳар бир қишлоқни (маҳаллани) ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тегишли қишлоқдаги (маҳалладаги) мавжуд имкониятлар, аҳолининг узоқ йиллар давомида шаклланган салоҳияти, тадбиркорлик муҳити ва «ўсиш нуқталари» инобатга олинган ҳолда белгиланади;

- барча туман ва шаҳарлардаги жами 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 трлн сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишни назарда тутувчи параметрлар тасдиқланди.

Қишлоқ жойларида инфратузилманинг мавжудлиги ҳаёт сифатини ўзгартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш калитидир. Шу муносабат билан 2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Аҳоли эҳтиёжи ҳамда 206 та туман ва шаҳарлар ҳокимлари, йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликни ривожлантиришга масъул бўлган раҳбарлар таклифларидан келиб чиққан ҳолда 8 мингта маҳаллада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди. Ободонлаштириш ишлари билан бирга иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш борасида ҳам ишлар белгиланган.

Эътиборлиси, мураккаб инқироздан чиқиш йили бўлиб тарихга муҳрланадиган 2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга оширишга илк бор ташқи манбалардан жалб қилмаган ҳолда маблағ ажратилади. Ушбу маблағлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви таъминоти, автомобиль йўллари ва инфратузилма объектлари бўйича мақсадли дастурларга йўналтирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг