Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўра Боболовнинг яна бир аудиоси тарқалди

Тўра Боболовнинг яна бир аудиоси тарқалди

Фото: «Xabar.uz»

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов ҳамда Қизириқ туманининг собиқ ҳокими И.Юсупов, тумандаги кластер вакили Х.Х.ларнинг жорий йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтган суҳбатидан кесиб олиниб, бошқа овозлар қўшилган ҳолда монтаж қилинган аудиоёзув муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, дейилади вилоят ҳокимлигининг расмий ахборотида.

«Мулоқотдан қарийб 9 ой ўтгандан сўнг интернет тармоғига сиздирилаётган мазкур аудиоёзувнинг 2:07-дақиқасидан 2:10 дақиқасигача бўлган қисмидаги ўта ҳақоратли сўзлар вилоят ҳокимига тегишли эмас. Бўлиб ўтган суҳбатга гувоҳ бўлганлар буни тасдиқлайди», қайд этилади маълумотда.

Қайд этилишича, Қизириқ туманида хорижий инвестициялар иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил қилинган пахта-тўқимачилик кластери ўз мажбуриятларини бажармай келган.

Вилоят ҳокими ушбу ҳолатларни таҳлил қилиш жараёнида «асабий ҳолатда қўпол сўзлар ҳам ишлатиб юборган»и айтилади муносабатда.

Расмий ахборотда ҳокимни ёмонотлиқ қилишдан кимлардир манфаатдор бўлиши мумкинлиги ҳам айтилади.

Аввалроқ ҳам ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурори билан бўлиб ўтган мулоқоти, дея айтилаётган аудиосуҳбат турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ҳолатни Бош прокуратура ўрганаётгани айтилганди.

Яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари Сурхондарё ҳокимига: «Прокурор билан гаплашишдан олдин мактаб қурилишини жойига қўйиб қўйиш керак», дея дакки ҳам берганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг