ТИВ Жанубий Кореяда ўзбекистонлик талабанинг калтакланиши ҳолатини ўрганади (видео)
Ўзбeкистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий дeпартамeнти Жанубий Кореяда ўзбекистонлик талабанинг маҳаллий иммиграция хизмати ходимлари томонидан калтакланишига муносабат билдирди.
«2018 йилнинг 16 июль куни Кёнгсанг провинциясида (Корея Республикаси) маҳаллий иммиграция органлари ходимлари ва Ўзбекистон фуқароси ўртасида юз берган можаро ҳақида қатор Жанубий Корея ва Ўзбекистон ОАВда тарқатилган мақолалар муносабати билан Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Сеул шаҳридаги Элчихонаси консуллик бўлимига ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаганини хабар қилади.
Бироқ ОАВ хабарларни инобатга олиб, Элчихона томонидан мазкур масаланинг барча жиҳатларини ўрганиш чоралари кўрилмоқда. Мавжуд ҳолат билан танишиш ва зарурият туғилганда, консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун Чхонвон шаҳрига (Сеул шаҳридан 400 км узоқликда жойлашган) Элчихонанинг консуллик ходими жўнатилди», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореядаги олийгоҳларнинг бирида магистратурада таҳсил олаётган 24 ёшли ўзбекистонлик талаба 16 июль куни Кёнгсанг вилоятининг Ҳаман шаҳарчасида Иммиграция хизмати ходимлари томонидан калтакланган. Видео 31 июль куни Кореядаги муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи агентлик томонидан эълон қилингач, воқеа Жанубий Корея жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter