«Тараққиёт» танлови талабгорларини рўйхатга олиш босқичи бошланди
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида уч йилда бир марта бўладиган истиқболли бошқарув кадрларини саралаш бўйича «Тараққиёт» танлови талабгорларини рўйхатга олиш босқичи бошланди.
Танловнинг мақсади — давлат, xўжалик ва маҳаллий ижро бошқаруви органларидаги юқори малакали кадрларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш ҳамда янада қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йиллик иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.
Танловда талабгорларга 16 та номинация бўйича ўз соҳасидан келиб чиқиб иштирок этишга рухсат этилган. Номинациялар билан taraqqiyot-tanlov.uz сайтида танишинг.
Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади.
Шунингдек, танлов ғолиблари ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида амалиёт ўташни ўз ичига оладиган «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийди ва уни ўтагандан сўнг тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади.
Танловда иштирок этиш учун https://taraqqiyot-tanlov.uz интернет порталига кириб, рўйхатдан ўтинг! Бунинг учун талабгор, албатта, ONE.ID.UZ порталида рўйхатдан ўтган бўлиши шарт. Эслатиб ўтамиз, тадлабгорлар жорий йилнинг 1 октябридан 30 октябрига қадар рўйхатдан ўтишлари талаб этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter