Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Таксичилар бедодлиги қачонгача давом этади?

Таксичилар бедодлиги қачонгача давом этади?

Йўлларда содир бўлаётган энг мудҳиш аварияларга энг аввало тезликни ошириш сабаб бўлаяпти.

Фото: «globalstour.uz»

Дўстлик – Жиззах вилоятидаги туманлардан бири, Тошкентдан тахминан 140 километр узоқликда жойлашган. Аҳолиси 70 минг атрофида. Дўстликдан фақатгина вилоят маркази Жиззах шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилган, қолган шаҳарлар, жумладан Тошкент, Самарқанд ва Гулистонга таксичилар қатнайди холос. Ҳеч қандай рақобат ва танлаш имкониятининг йўқлиги эса хизмат нархининг баландлиги ва сифатсизлигига олиб келмоқда.

Биргина Дўстлик тумани эмас, бутун республика бўйича таксичилар билан боғлиқ кўплаб кўнгилсиз ҳолатларни учратиш мумкин. Масалан, байрамлар арафасида, об-ҳаво ноқулай бўлганда, қандайдир сабабларга кўра йўловчилар сони ортиб, таксичилар кам бўлганида уларнинг яқинига ҳам йўлаб бўлмай қолади. Нарх-навонинг осмонга сапчиши майли, ҳайдовчиларнинг муомаласи ҳам ўзгариб, қўполлашади.

Унинг устига таксичилар фақат нақд пулга ишлайди. Тўғри, аввалдан келишиб, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида қилган харидига пластик орқали тўлатишингиз мумкин. Лекин нима учун пул пластикда бўлгани учун фуқаро ўзини ноқулай, айбдордек ҳис этиши керак?

Аксарият такси ҳайдовчиларига хос бўлган яна бир жиҳат шундаки, манзилга тезроқ етиб олиш, кўпроқ одам ташиб қолиш учун йўлларда тезликни меъёридан оширишади. Йўл-йўлакай олдинда кетаётган таксичилар билан боғланиб, ДАН ходимлари, радарлар ҳақида маълумот олиб боради, ўзи дуч келган ҳолатлар ҳақида орқада келаётганларни ҳам огоҳлантиради. Бир томондан бу йўловчиларга ҳам яхши: қанча тез борса шунча маъқул. Аммо хавфсизлик, манзилга соғ-омон етиб бориш-чи? Йўлларда содир бўлаётган энг мудҳиш аварияларга энг аввало тезликни ошириш сабаб бўлмаяптими? Ахир ўша ҳайдовчининг ўзи ҳам кунда-кунора ана шундай кўнгилсизликларга гувоҳ бўлиб туради-ку? Бахтсиз ҳодисаларга учраганлар қисмати ибрат бўлмайдими?

Яна бир нохуш ҳолат баъзи такси машиналарининг санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслигидир. Ўриндиқлар чўкиб, кирланиб кетган, ёқимсиз ҳид кўнгилни айнитади. Йўл бўйи оғзи тинмай бўлар-бўлмас гапларни айтаверадиган таксичилар ҳам бор. Бир танишим (ўзига тўқроқ одам) қишлоғига боришда оиласи учун алоҳида машина гаплашиб, таксичига шундай деганини айтиб қолди: «Сизга йўлкирани ошиғи билан тўлайман, фақат бир шартим бор. Уйга боргунча гапирмай кетасиз». Бу билан ҳайдовчи йўл бўйи оғзига мум солиб кетиши керак демоқчи эмасман. Мароқли суҳбат йўл машаққатини унутишга ёрдам беради, вақтнинг ўтганини билмай қолиш мумкин. Шунчаки, вазиятга, йўловчиларнинг кайфияти, ҳолатига қараш лозим. Ҳеч бўлмаса барчанинг хоҳишини сўраган ҳолда паст овозда мусиқа қўйиб кетиш мумкин.

Хуллас, гапирса гап кўп. Аммо бу масалани республика доирасида кўриб чиқиб, барча таксилар учун мажбурий техник, санитар-гигиеник ва маънавий-ахлоқий талаб ва меъёрларни ишлаб чиқиш вақти келди деб ўйлайман. Шунингдек, таксичилар ўртасида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, таксилар хизматидан қониқмаган, норози бўлган фуқаролар учун тезкор алоқа каналларини ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ. Агар бу айтганларим амалдаги ҳужжатларда ўз ифодасини топган бўлса, демак, уларнинг ижросида камчиликларга йўл қўйилмоқда...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг