Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сув ҳисоблагичларни қиёслаш аҳолига мутлақо текинга тушади

Сув ҳисоблагичларни қиёслаш аҳолига мутлақо текинга тушади

Фото: Xabar.uz

Президент имзолаган қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан аҳолига қиёслаш муддати тугаган сув ҳисоблагичларини янгисига алмаштириш «Ўзсувтаъминот» АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳозирги тартибга кўра, сув ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказмоқчи бўлган фуқаро аввал my.gov.uz орқали ариза бериб, шу аризаси учун 50 минг сўм атрофида пул тўлайди. Кейин бир ой ичида сув таъминоти ходими бориб, алмаштириб кетади.

«Энди 1 январдан қиёслаш муддати тугаган ҳисоблагичларни бизнинг ходимлар ўзлари алмаштириб беришади. Муддати тугаган пайтда сув таъминоти ходимлари бориб, ҳисоблагични олиб, қайта қиёсловдан ўтказади. Бунинг учун аҳоли ҳеч қаерга мурожаат қилиши шартмас. Ходимимиз бормадими, демак, ҳисоблагичдан бемалол фойдаланавериш мумкин бўлади», дея Xabar.uz сўровига нисбатан изоҳ берди «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов.

Унинг айтишича, бу хизмат учун ҳеч қандай пул тўланмайди. Шунингдек, my.gov.uz орқали тўланадиган маблағ ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлади ва қиёслашдан ўтказиш аҳоли учун мутлақо текинга тушади.

«Ушбу янги тартиб ҳозирча фақат қиёслаш муддати тугаган ҳисоблагичларни амалга ошириш учун. Агар ҳисоблагичда қандайдир носозлик юзага келса, унда фуқаро my.gov.uz орқали ариза билан мурожаат қилиши керак», деди Акмал Муродов.

Қайд этилишича, «Ўзсувтаъминот» мазкур янги тартиб билан барча ҳисоблагичларни босқичма-босқич қиёслашдан ўтказиб олишни режалаштирган.

Шунингдек, қарорга кўра, республика ҳудудига техник талабларга жавоб бермайдиган сув ҳисоблагичларни ва уларнинг қўшимча воситаларини олиб кириш ҳамда ўрнатиш тақиқланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг