Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Xabar.uz»даги танқидга саноқли соатда муносабат билдирди
Бироз аввал сайтимизда «Жарроҳлик амалиётидан кейинги аҳвол... Эътиборсиз қолаётган беморлар ҳаётидан репортаж» сарлавҳали мақола жойлаштирилган эди.
Унда буйрак кўчириб ўтказишдек мураккаб ва нозик амалиётини бошдан ўтказган беморларни операциядан кейин истеъмол қилиши шарт бўлган қатор дори воситалари билан таъминлаш муаммолигича қолаётгани танқид остига олинганди.
Мақолага Соғлиқни сақлаш вазирлиги саноқли соатда муносабат билдирди.
Муносабат матни қўйида эълон қилинаётир.
***
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида эълон қилинган буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилган беморларга иммуносупрессор дори воситаларининг етишмаётгани ҳақидаги мақола Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, қуйидагиларни маълум қилади.
Аввало, эътироф этиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда илк бор дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиёт ҳисобланган органлар трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга оширилаётгани юзлаб беморларга қайта ҳаёт, минглаб қалбларга умид бағишламоқда.
Шу билан бирга, буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилган беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш ҳам муҳим аҳамият эга. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 мартдаги 185-сонли «Давлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда республика аҳолисини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра беморларни иммуносупрессор дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида соғлиқни сақлаш муассасаларининг харажатлар сметасида ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган бюджет маблағларини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг харажатлар сметасида жамлаш орқали марказлашган ҳолда ҳарид қилишга рухсат берилди.
– Мамлакатимизда буйрак трансплантация амалиёти ўтказилган беморларни иммуносупрессор дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш учун жорий йилнинг 5 апрелида жами эҳтиёж бўйича 17,7 млрд. сўм қийматидаги дори воситаларини етказиб бериш юзасидан шартнома тузилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситхонова. – Мазкур шартномалар бўйича дори препаратлари жорий йил апрел ойининг учинчи ўн кунлигида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тақсимотига асосан тиббиёт муассасаларига етказиб берилади. Айни пайтда эса вазирлигимизга мурожаат қилган барча беморлар зарур бўлган дори воситалари билан тўлиқ таъминланмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундан буён ҳам буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилган беморларни иммуносупрессор дори воситалари билан узлуксиз таъминлашни қатъий назоратга олади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter