Синоптиклар август ойи учун об-ҳаво маълумотини эълон қилдилар
Июль ойининг сўнгги кунлари ва августда об-ҳаво қандай бўлади? Республика Гидрометерология маркази маълумот берди.
Бугун Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида об-ҳаво қуруқ ва кам булутли, ҳарорат 35-38 даража.
Мамлакатимизнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Волгабўйидан нам ва салқин ҳаво оқими кирди. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида об-ҳаво булутли бўлади, айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат 28-33 даражагача пасаяди.
Эртага нам ва салқин ҳаво бутун республика ҳудудига тарқалади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қорқалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида кечга бориб қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади.
Кундузги ҳарорат 30-33 даражагача пасаяди, Қурбон хайит байрами куни республикамиз аҳолисини салқин ҳаво кутмоқда.
1 августда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида кузатилиши мумкин, мамлакатимизнинг қолган ҳудудида ёғингарчилик бўлмайди, ҳарорат 30-33 даража атрофида бўлади.
2 августда республикамизнинг катта қисмида об-ҳавонинг яна кам булутли ва қуруқ бўлиши кутилмоқда, фақат баъзи тоғли ва тоғолди ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Кейинги ҳафтада об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳарорат аста кўтарилади ва яна 36-39 даражани ташкил қилади.
Кейинчалик август ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда. Қисқа муддатли ёмғирлар асосан республиканинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида кузатилади. Ҳарорат кечаси 17-22 даража, кундузи 32-37 даража атрофида, айрим кунларда 40 даражагача бўлиши кутилмоқда. Ойнинг сўнгги ўн кунлигида кундузги ҳарорат 28-33 даражагача пасайиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter