Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Наманганда янги ташаббус билан чиқди

Шавкат Мирзиёев Наманганда янги ташаббус билан чиқди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Наманган вилояти фаоллар йиғилишида иштирок этмоқда. Xabar.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари тадбир давомида янги ташаббус билдирди.

— Наманганда янги ташаббус билан чиқмоқчимиз. Яъни, маҳалла асосий ташаббускор ва ислоҳотчи бўлиши керак.

Ҳокимга кўп нарса боғлиқ. Аммо вилоятда 775 та маҳалла бор. Агар мана шу маҳаллалар раислари кечагидек ишлашда давом этса, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Раис аввалгидек тўй ҳашамларда келди-кеттига қараб турадиган одам бўлса, ҳеч нарса ўзгармайди. Энди у асосий ташаббускор бўлиши керак.

Маҳалла раиси ўз виждонига савол бериб кўрсин, у ислоҳотчи бўла оладими?

Кеча Даштбоғ маҳалласи раиси, Музаффар деган 22 ёшли йигит билан танишдим. Биз албатта нуронийлар ва оқсоқолларни ҳурмат қиламиз, барчаси эътирофга сазовор. Аммо энди бизга янгиликларга интилувчан ёшлар керак.

Музаффар «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»дагиларни рўйхатдан чиқаришга ваъда беряпти. Маҳалласида икки нафар адашган бор экан, уларни ҳам ортга қайтаришга шай бўлиб турибди. Бунинг учун имом хатибларимиз ҳам ёрдам беради.

Мен маҳалла раисини мана шу Музаффар Аҳмаджонов тимсолида кўряпман. Биз маҳаллалар бошқарувига забардаст, ташаббускор инсонларни кўришимиз керак.

Одамлар тўпланиб чиқиб, «бу яхши одам», деб раис қилиб қўявериш вақти ўтди. Бизга ташаббускорлар керак. Наманганга бу қадар кенг имконият шу вақтга қадар яратилмаган, пул ажратилмаган. Маҳалла раиси ҳар куни битта бўлса ҳам муҳтожнинг жонига оро кириши керак. Наманган вилоятидаги 775 та маҳалла раислигига номзодни шахсан ўзим кўриб чиқаман.

Маҳалла раисини тумандаги мажлисларга чақириш ман этилади. У ўз ҳудудини ривожлантириш ҳақида ўйлаши керак.

Жанубий Корея 50 йил олдин биздан ҳам хароб эди. Нима учун ривожланди? Чунки уларда ислоҳотларга бепарволик билан қаралмаган. Ҳамма бирдек ҳаракат қилган.

Кореяда ҳам маҳаллага ўхшаш институтлар бор. У ерда маҳалла бошлиғи кун ўтиши учун юрмайди, керак бўлса эрталабдан бориб, одамларнинг эшигини тақиллатиб, боласини мактабга юборишини сўрайди. «Агар боланг ҳозир ўқиб, яхши тарбия олмаса, эртага у ҳам, ўзинг ҳам бошимизга бало бўласан. Шунинг учун ўзинг бош бўлиб, мактабга олиб бор», — дейди.

Муҳтож оилаларга қуён, балиқ, товуқ, асалари ва бошқа кичик тадбиркорлик воситалари олиб берилади. У ўзини тиклаб олсин. «Берсанг ейман, урсанг ўламан», деб ўтирадиган вақт ўтди. Ҳамма ҳаракат қилиши шарт, — деди Президент.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг