«Шарқ» чойхонасига кирманг, асабингиз бузилади
Хотира ва қадрлаш куни арафасида фарзандларимни олиб, Самарқандга бордик. 11 май куни Тошкентга қайтишда Жиззах довонида жойлашган тамаддихоналардан бирига кирмоқчи бўлганимизда, бир йигит қўярда-қўймай, ҳайдовчига иккита «Кока-кола» бонус сифатида берилишини ваъда қилиб, «Шарқ» чойхонасига чорлади. Кирдик. Ярим килограмм ош буюртма бердик. Бу жойлардаги «ярим килограмм» ошнинг қанча миқдорда бўлишини мазкур тамаддихоналарга қўнганлар яхши билишади — катта товоқда палов берилади. Хуллас, ярим килограмм ош ҳам баракали бўларкан, ҳайдовчининг оиласи ва менинг фарзандларим биргаликда тўлиқ ошай олмадик.
Ҳисоб-китоб вақтида кассир аёлга пластик карточкамни узатсам, терминал ишламаётганини айтди. Мен овқатланиш шохобчаларида терминал доимий тарзда ишлаши зарурлиги ҳақида эътироз билдирдим. Шундан сўнг у пул ечишга урина бошларкан, «нақд пулингиз йўқми?» деб сўради. Бор бўлса-да йўқ дедим. Аёл уч-тўрт дақиқалар уриниб ҳам пул ечмади. Бу билан гўёки «вақтни чўзсам, нақд пул тўлаб кетади» деб ўйлаган бўлса керак. Кутиб туравердим. Бу орада кассирга тезлаштиришини айтдим. У ёнидаги бир йигитга «Бозорни чақир» деди. Бозор ҳам ҳадеганда келавермади. Мен кассирга аҳён-аҳёнда қараб қўйганимда тезлаштиришга уринар, лекин натижа йўқ эди. Охири кассирга «Бозор акани чақиринг» дедим. Бояги йигит ташқаридан Бозор акани чақирди. Қарасам, мендан ёши кичик йигит экан. Унга беш-олти дақиқадан бери терминали ишламаётганини айтдим. У ёнидан бир телефон аппарати чиқариб, сим-картасини олди ва терминалга ўрнатди. Бўлмади. Бошқасини ўрнатар экан, «Нақд пулингиз йўқмиди?» деди ўсмоқчилаб. «Йўқ, ўзи нега бунча вақтни чўзасизлар ёки Солиқ қўмитасига қўнғироқ қилайинми?» деганимда, Бозор деган йигит «каптархонага телефон қилмайсизми?» деди кесатиб, «менга деса» жумласини гўёки ичида айтиб.
Асабларим тошдан эмасди, қўзғалди унинг қўрс жавобидан. Бироқ ўзимни босдим ва «Шунақами?» деб қўйдим ичимда.
Бу орада овқатланиб бўлганимизга 15 дақиқалар бўлган, ташқарида шерикларим кутиб турарди. Ниҳоят, пластик карточкамдан керакли маблағни ечиб олишди. Шу пайтда ҳайдовчимиз келиб, чойхонага чорлаган йигит ваъда қилган иккита «Кока-кола»ни сўради. Кассир аёл «овқат пулини пластик карточка орқали тўладингиз, шунинг учун сизларга битта «Кола» берилади» деди ва ёнидаги бошқа йигитга қараб «Битта бервор» деди худди «гадойга бервор» деган оҳангда. У йигит ҳам олғир экан, битта «Пепси» берди, холос. «Ташқаридаги йигит иккита «Кока-кола» ваъда берганди ҳайдовчига» десам ҳам яна битта қўшиб бермади. «Республика бўйича пластик карточка ва нақд пул тўлови бир хил бўлиши керак» деганимда, кассир аёл «бизда бундай эмас» деб жавоб берди.
Ортиқча тортишиб ўтирмай, ташқарига, мени йигирма-йигирма беш дақиқалардан бери кутаётган шерикларимнинг олдига чиқдим.
Бу воқеа икки-уч кун давомида эсимдан чиқмай юрди. Билмадим, довоннинг икки томонидаги чойхона-ошхоналарга бир кунда нечта автоулов тўхтайди-ю, қанча одам тамадди қилади? Билмадим, «Шарқ» чойхонасига қанча одам киради-ю терминал билан боғлиқ «ўйин» боис асаби таранглашиб чиқади?
Ниҳоят, бу мавзу ёдимдан кўтарилаётган эди. Бироқ рамазон ойининг илк кунларидан бирида саҳарлик вақтида қайсидир каналда миллий сериалимиз — «Лафз» қўйилаётганига гувоҳ бўлдим. Актёр Саид Мухторов ўйнаган қаҳрамон образи лафзсизлигининг касри фарзандига ургани лавҳаларини кўрдиму ишқилиб «Шарқ» чойхонасидаги инсонлар лафзсизлигининг касри бегуноҳ болаларига урмасин-да деб қўйдим.
Шерали Карвонли
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter