Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳар жойларида автоматик почтомат қурилмалари ўрнатилади

Шаҳар жойларида автоматик почтомат қурилмалари ўрнатилади

АОКА залида 2021 йил учун даврий босма нашрларга обунани ташкил этишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.

«Ўзбекистон почтаси» AЖ бош директори Aлишер Файзуллаев тизимдаги муаммолар ва уни ривожлантириш истиқболларига тўхталди.

— Почта тизимида ойликлар мамлакатдаги ўртача ойлик маошдан икки баробар кам. Ёш, илғор кадрларни олиб келиб ишлатайлик десак, ойлик кам. Ўзимизни ўзимиз маблағ билан қоплаяпмиз. «Оборот» маблағлар етишмовчилиги бор, таҳририятлар олдида қарздорлик бор. Ҳозир ойликларни, солиқларни вақтида тўлаяпмиз. Ўтган йили зарарсиз чиқдик. Бу йил ҳам фойда билан чиқиш кўзда тутилган. Лекин булар етарлими? Йўқ, етарли эмас.

Давлатимиз раҳбари айтдиларки, почтани ривожлантирса, нафақат даромадли соҳага айланади, балки бунинг негизида қишлоқ ҳудудларида янги ишчи ўринлар яратса бўлади, қанча одамни жалб қилса бўлади. Ҳудудларни ривожлантиришда бевосита почтанинг иштирокини таъминласа бўлади.

Газета етказиш — бу маърифат, маънавият етказиб бериш демак. Ўн кундан кейин, бир ойдан кейин қўлга етиб борган газета ҳеч кимга керак эмас. Вақтида етказиб бериш керак, бу долзарб масала. Бу соҳада ҳам ўзгаришлар бўлиши режалаштирилган, марказлаштирилган тизим бўлади.

Почта, шунингдек, матбаа нашрлари 3 та ҳудудга: Термиз, Урганч ва Нукусга самолётда етказилади. Қолган вилоятларга машинада етказилади, кечаси чиқиб кетади, эрталаб боради. Келган почта кейин туман марказига пешингача етиб боради. Туман марказидан алоқа бўлимига олиб бориб, эгасининг қўлига етказилгунича эртаси куни бўлиб кетиши мумкин. Энди биз ҳозир туман марказидан тўғридан-тўғри етказиб беришни режалаштирганмиз.

Шаҳар жойларида автоматик почтомат қурилмаларини жорий этиш кўзда тутилган. Олдин қанақа бўларди, эшигимизнинг тагида ёки 9 қаватли «дом»нинг «подъезд»ида почта қутиси бўларди, газетани шунинг ичига солиб кетарди. Ҳозир кўп қаватли уйларда почта қутиси ҳам йўқ. Тўққизинчи қаватгача чиқади, эшигингизни тақиллатади, ҳеч ким очмагандан кейин қайтиб кетади. Ёки эшигингиз тагига қўйиб кетса, биров кўтариб кетиб қолади.

Почтомат қурилмаси почта қутисидан фарқ қилади, чунки катта курьерлик жўнатмаларига ҳам мослаштирилган. Махсус пароллар билан очиб, олиш имкони бўлади, — деди Aлишер Файзуллаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг