Сенат пропискага оид ўзгартиш ва қўшимчаларни маъқуллади
Сенат томонидан «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун маъқулланди.
Қонунда тизимни ислоҳ қилишга қаратилган янгиликлар назарда тутилмоқда.
Хусусан, «доимий прописка» сўзлари «яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» сўзларига алмаштирилмоқда.
Бундан ташқари, фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган бошқа манзилдаги уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти яратилмоқда.
Шунингдек, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилинмоқда.
Лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари белгиланган тартибда доимий прописка қилингандан сўнг, улар бошқа ишга ўтиши ёки лавозимдан озод этилиши яшаш жойи бўйича доимий рўйхатдан чиқарилишга олиб келишига оид қоида чиқариб ташланмоқда.
Давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда.
Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter