Сайёра Ходжаева рус тили тўғрисидаги мурожаатга алоқаси борлигини рад этди
«Демократия ва инсон ҳуқуқлари» институти директори Сайёра Ходжаева рус тилига Давлат тили мақомини бериш бўйича мурожаатга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилиб ўтди.
«Қадрли дўстлар!
Алоқам бўлмаган нарсага жавоб ёзишни ўзимга эп кўрмаган эдим. Аммо, емаган сомсага пул тўлашни ҳам хоҳламайман.
Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаетган тил масаласидаги мурожаатномага оид баҳс-мунозараларга менинг алоқам йўқлиги тўғрисида ойдинлик киритишни лозим, деб ҳисоблайман. Шунинг учун бўлган воқеани бошидан батафсил ёзишга қарор қилдим.
Шу йил, 2-майда журналист-блогер Али Қаххоров менга телефон қилиб, рус тили бўйича мурожаатномага қўл қўйибсиз, деб, шу бўйича интервью олмоқчи эканини маълум қилди. Мен таажжубландим, ҳайрон қолиб, қанақа мурожаатнома, қачон чиққанини зудлик билан менга юборишини илтимос қилдим. У буни тасдиқлаши мумкин.
30 апрел куни вести.уз да чиққан мурожаатномани кўриб, дарҳол ушбу сайт раҳбарини кимлигини ва телефонларини қидиришга тушдим ва А.В.Березовский эканини аниқлаб, улардан мен бу ҳужжатни ёзмаганимни, тайёрлашда иштироқ этмаганимни ва қўл қўймаганлигим сабабли мурожаатчилар сафидан фамилиямни олиб ташлашни талаб қилдим. А.В.Березовский ҳам буни тасдиқлай олади. Шундай қилиб, менинг фамилиям, менинг талабимга кўра олиб ташланди.
Бундан 3 ойча олдин журналист А.М.Ходжаев, рус тилининг аҳамияти ҳақида фикр сўраган эди. Тил билиш инсоннинг ўзи учун, дунёқарашни кенгайтириш ва ўз ҳуқуқларини қаерга борганда ҳам химоя қилиш учун муҳим восита деган фикримни доимо айтиб келганман. Бу гапимдан тоймайман, чунки бу фикрим фақат рус тилигагина таалуқли эмас. Менинг фикримни бошқача талқин қилиб, ўз мулоҳазаларини билдирган инсон учун мен жавоб бермайман.
Шундай қилиб, бу мурожаатномани гўёки мен ҳам ёзгандек туҳматларга қолиб кетдим ва менга фикр билдираётганлар, менинг шаънимга бўлмағур фикрлар баён қилмоқдалар. Менинг шаънимга айтилаетган бўлмағур, нолойиқ мулоҳазаларни билдираетган шахслар, воқеани тузукроқ ва чуқурроқ ўргансалар, ўз обрўларини бунчалик тўкмаган бўлур эдилар.
Тўғри, халқ орасида жуда кўп бўламан, дангалчи, тўғрисўзман, бу эса айниқса айрим мансабдорларга ёқавермайди, лекин мен ислоҳотларга ичим куйганидан, халқимиз ва юртимиз равнақига бефарқ бўлмаганим учун шундай йўл тутаман ва аҳволни, қайси лавозимда бўлишимдан қатъий назар, тузатишга ҳаракат қиламан.
Онгли ҳаётим давомида шу халққа ҳизмат қилишни ўзимга фахр деб билдим. Буни мен ишлаган ва раҳбар бўлган жойлардаги халқдан сўранг!
Бошқача қилиб айтганда: “Менинг кимлигимни - эл билса бўлди...”
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter