Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рақибига қайнука бўлишга мажбур подшоҳ қисмати

Рақибига қайнука бўлишга мажбур подшоҳ қисмати

Сулҳ шартини эшитган ёш подшоҳ аламини кимдан олишни билмади. Ахир элчига ўлим йўқ, дейишган. Шу боис у онаси, яқин аъёнлари билан кенгашди. Қамал туфайли бардоши тугаган сарой аҳли, қолаверса, онаси ҳам, сулҳ шарти нақадар оғирлигига қарамай, рози бўлишдан бошқа илож топишолмади.

Шу тариқа, 1501 йилда қалъа ичкарисида ноилож қолган ёш подшоҳ Самарқандни қамал қилиб турган Шайбонийхонга ўз туғишган опасини турмушга узатишга мажбур бўлди...

Темурийлардан бўлган Умар Шайх Мирзо Фарғона водийсининг ҳукмдори бўлиб, унинг Қутлуғ Нигор хоним, Фотима, Умид Оғоча, Оғо Султон, Маҳдум Султонбегим, Улус Оғо, Қоракўзбегим, Тун Султон исмли саккиз хотинидан уч ўғли, беш қизи бўлган. Катта хотини Қутлуғ нигор хонимдан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Хонзодабегим исмли иккита фарзанди бор эди.

Отасининг ўлимидан сўнг тахтга чиққан Бобур тож-тахт учун кечган курашларда Андижон, гоҳида Самарқандни қўлга олиб ҳукмронлик қилган, баъзида кучлар нисбати тенг бўлмай тахтни қўлдан чиқарган, рақиблари билан аёвсиз курашлар олиб борган. Унинг энг катта рақиби Шайбонийхон эди. Бобур ўзаро бир қанча урушларда гоҳ мағлуб бўлса, гоҳида зафар қувончини нишонлаб турарди.

1501 йилда Бобур Самарқанд тахтига ўтирар экан, рақиби Шайбонийхон қалъани қуршаб олди. Қамал кўпга чўзилганлиги сабабли шаҳарда очарчилик ҳукм суриб, ўлим кўпайди. Ҳатто, ёш подшоҳ Бобур озгина қўшини билан ҳам қамални ёриб чиқишга имкон топа олмасди.

«Бобурнома»да ёзилишича: «бу маҳалда Шайбонийхон сулҳ сўзини орага солди». Бобур шундан кейинги воқеа тафсилотини, ўз яқинлари билан Шайхзода дарвозасидан чиқиб кетганида: «меним эгачим Хонзодабегим ушбу чиққонда Шайбоқхоннинг илигига тушди», дея тасвирлайди. Хўш, аслида-чи?

Аслида воқеа бўлган. Бу мудҳиш воқеани Бобур тилга олишга ботинолмади, чунки у ўзидан беш ёш катта опаси Хонзодабегим қамалдан чиқишда қўлга тушмаганини, уни рақиби Шайбоний хотинликка олганини ёзишга қўли бормаганди. Қандай ёзсин: ўз рақибига қайнука бўлиб турса-я! Бобурнинг қизи Гулбаданбегим «Ҳумоюннома» асарида мазкур воқеа ҳақида шундай битган: «Шоҳибекхон (яъни Шайбонийхон) агар ўз синглингиз Хонзодабегимни менга берсангиз, орамизда сулҳ тузилади ва иттифоқчилик ўрнатилади, деб айтгизиб юборади. Охир Хонзодабегимни ўша хонга бериб, ўзларининг қайтишлари зарур бўлди».

Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ҳам «Тарихи Рашидий» асарида «унинг (Бобурнинг) қаршилик кўрсатишига ҳеч чораси қолмай, Шоҳибек билан сулҳ тузиб, ўз эгачиси Хонзодани унга берди», деб воқеани қайд этган.

«Шайбонийнома» муаллифи Муҳаммад Солиҳ эса қамал пайтида Шайбонийхон Хонзодабегим номига ишқий байт ёзиб, агар никоҳига кирса, укаси Бобурнинг бошидан бир тук тушмаслигига кафолат берурман, дея айтганди. Аслида бу ўша замон удумига биноан табиий ҳол эди. Яна нозик жиҳати шуки, опасини шаръий никоҳига олиб, Шайбонийхон Бобурга нисбатан эҳтиромини намойиш қилади. Қариндошлик ришталари боғланганидан сўнг эса ғанимлик чеккага чекиниши маълум.

Аммо мазкур ҳодисадан Муҳаммад Солиҳ усталик ила фойдаланади. Чунки унинг юрагида темурийларга нисбатан гина-кудрат мавжуд эди. Яқинларини темурийлар қатл этишган. Ўзи ҳам темурийлар салтанатидан ҳайдаб юборилган. Ана шу аламзадалик боис шоир қасдини Бобурдан олади. Шайбоний ва Бобурнинг опасини бир-бирига ошиқ-маъшуқ тарзида тасвирлайди. Айнан шунинг баёнига саҳифалар ажратади ва пировардида интим ҳолатларга урғу беради. Бу Муҳаммад Солиҳнинг нақадар ғаразгўй бўлганлигини кўрсатади. Ҳаётда, адабиётда ҳам Бобур самимий инсон эди...

«Шайбонийнома»даги ишқий номада Бобурга қарата:

Айлайин шарт сенинг бошинг учун,

Бўлма ғамнок қариндошинг учун,

Ҳеч ямонлик анго овутмоғоли.

Сени тулмуртуб, ани тутмоғоли.

Ҳар қаён хотири истар борсун,

Борсун, ончаки юрурдан ҳорсун...

деб ёзган экан.

...Онаси Қутлуғ Нигор хоним тақдирнинг бу аччиқ кунларидан зорланиб, Хонзодабегим эса куйиниб, қамал давом этавергач, шарт қанчалик оғир бўлмасин, сулҳга кўнишди. Бобур рақибига ўз опасининг турмушга чиқишига рози бўлиб, шаҳарни тарк этди. Шу тариқа 23 ёшли навниҳол Хонзодабегим укасининг рақибига топширилади.

Шайбонийхон тўй қилиб, Хонзодабегимни ўз шаръий никоҳига олади. Бироқ қайнукаси Бобур, гарчи шаҳарни ташлаб чиқиб кетган бўлса-да, бошқа ҳудудларда – Тошкент, Бадахшон, Кобул, Ўратепа, Пискентда юрганида унинг изидан бориб, уруш қилди.

Хонзодабегим бундан куйиниб, Шайбонийнинг ҳарамида юрар экан, Бобурни, онасини ўйлар, аммо ҳеч нима қила олмасди. Унинг қисматига Шайбонийдан бир ўғил кўриш ҳам ёзилган экан. Шайбоний фарзандига Хуррамбек дея исм қўйди. Бироқ унинг иқболини кўролмай, 1510 йил 4 февралдаги эронийлар билан кечган жангда ўлдирилди. Отаси шаҳид бўлганидан сўнг кўп вақт ўтмай, Хуррамбек ҳам вафот этди...

Шундан кейин Хонзодабегим Кобулда турган укаси Бобурнинг ёнига боради. Бобур кўп қийинчиликларни кўрган опасига илтифот кўрсатиб, мудом саройида маслаҳатчи сифатида ўзига лойиқ ўринга кўтарди. Хонзодабегим билим-тафаккури, ақл-идроки билан Бобурга, унинг ўлимидан сўнг эса Ҳумоюнга энг яқин маслаҳатгўй бўлди.

Хонзодабегим ҳаёти давомида машаққат чекавериб, қолаверса, укаси Бобурнинг вафотидан куйиниб, тез-тез касалланиб қола бошлади. Натижада 1544 йили Қобилҳақ деган мавзеда ҳаётдан кўз юмди. Орадан уч ой вақт ўтиб, унинг хокини Қобулга – укаси Бобурнинг мақбараси ёнига дафн этишди.

Бутун умри укасининг, бобурийлар салтанатида адолатли ҳукм ўрнатилишига камарбаста бўлган, она шаҳри Андижоннинг дийдорига тўймай кетган Хонзодабегим ҳаётда 66 йил умр кечирган эди.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг