Рақамлар ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларга кўпроқ ишонишини кўрсатмоқда
Мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Конституциямизнинг 53-моддасида истеъмолчилар ҳуқуқлари устунлиги принципи ўз ифодасини топган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари 1996 йил 26 апрелда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳамда 2002 йил 28 ноябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳимоя қилиб келинаётир.
Республикамизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қатор давлат органлари, шунингдек, жамоат бирлашмаси мақомидаги Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий тузилмалари шуғулланади. Ушбу идоралар истеъмолчилардан коммунал, савдо-сотиқ, маиший сервис, жамоат транспорти ва бошқа соҳалар бўйича келиб тушаётган ариза ва мурожаатлар асосида уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклайди, қонуний манфаатларини ҳимоя қилади.
Биргина 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан 6602 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларни ўрганиб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига 2 миллиард 300 миллион сўмдан зиёд маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилган бўлса, ушбу даврда нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланмиш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий тузилмаларига бундан икки баробар кўпроқ мурожаат келиб тушган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўтган йили федерация томонидан 14 127 та ариза, таклиф ва шикоят ўрганилиб, истеъмолчиларга етказилган 4 миллиард 397 миллион 410 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
Юқоридаги рақамлар ҳам халқимизнинг давлат органлари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотларига ишончи ортиб бораётганини, шу билан бирга, федерация ва унинг қуйи тузилмалари одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳамнафас фаолият юритаётганининг исботидир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter