«Раҳбарлар бутун дунёда тан олинган қоидага амал қилишларини истардим» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларини мамлакатимизда илк бор нишонланаётган байрам – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан табриклади.
Табрикда бугунги кунда юртимизда касаба уюшмалари тизимида 33 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатаётгани ҳамда 6 500 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар фидокорона меҳнат қилиб келаётгани қайд этилади.
«Корхона ва ташкилотларда йил давомида 1 нафар ишчи ва хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасига сарфланадиган ўртача маблағ миқдори 5 маротаба оширилди.
Бу даврда Касаба уюшмалари федерацияси тизимида 14 та соғломлаштириш маскани қурилди, 5 таси реконструкция қилинди. Натижада бир йилда қўшимча равишда 34 минг нафар юртдошимизни тизимдаги санаторийларда соғломлаштириш имконияти яратилди», дейилади табрикда.
Қайд этилишича, соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 14 мингга яқин ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 3,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилган.
«Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча иш берувчилар ва раҳбарлар бутун дунёда тан олинган қуйидаги қоидага амал қилишларини истардим: ҳар қайси корхона ёки ташкилотда албатта касаба уюшмаси фаолият кўрсатиши ва раҳбарлар албатта улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши шарт. Шундагина жамиятимизда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олди олинади, ҳаётимизда ижтимоий адолат янада мустаҳкам қарор топади», таъкидлайди давлат раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter